Австрия бизнес ҳамжамиятига Ўзбекистоннинг IT-экспорт салоҳияти тақдим этилди
Ўзбекистон IT-соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва рақамли хизматлар экспортини оширишга жиддий эътибор қаратмоқда.
Тадбирнинг асосий йўналишларидан бири технологик ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий IT-компанияларни жалб этиш, рақамли хизматлар экспортини кенгайтириш ҳамда икки мамлакат бизнес вакиллари ўртасида янги шериклик алоқаларини йўлга қўйишдан иборат бўлди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ҳамда тегишли компаниялар вакиллари қатнашди.

Дастур доирасида соҳавий тақдимотлар ҳамда бизнес ва давлат ташкилотлари ўртасидаги икки томонлама музокаралар ўтказилди.
IT Park Uzbekistan экспортни ривожлантириш бўйича директори Жаҳонгир Кагиров миллий IT-соҳани ривожлантиришнинг экспортга йўналтирилган моделини тақдим этиб, Ўзбекистоннинг халқаро технологиялар ва бизнес хизматлари бозорига интеграциялашуви учун мавжуд шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.

Тақдимотда экспортга йўналтирилган лойиҳаларни малакали кадрлар билан таъминлаш, инфратузилма салоҳияти ва хорижий компанияларни институционал қўллаб-қувватлаш механизмларига эътибор қаратилди. Хусусан, IT Park Uzbekistan резиденти мақомини олиш шартлари, амалдаги солиқ имтиёзлари ва мамлакатимизда IT фаолиятини ташкил этиш имкониятлари тушунтирилди.
Шунингдек, технологик ҳамкорликнинг икки томонлама хусусияти алоҳида таъкидланди. Бунда Австрия компанияларини Ўзбекистондаги лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш, маҳаллий рақамли ечимлар етказиб берувчиларининг Европа буюртмачилари билан ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА