Австралия 45 000 хорижлик ишчи чақирмоқчи
Австралия мухолифати йирик қурилиш ва энергетика лойиҳаларида ишлаш учун хориждан 45 000 малакали ишчи олиб келиш таклифини илгари сурди. Режага Брисбен Олимпиадаси инфратузилмасини яратиш билан бирга янги газ конларини ўзлаштириш ҳам киритилган.
Мухолифатнинг ички ишлар бўйича вакили Жонатан Даниэм айтишича, махсус виза орқали мамлакатда мутахассис етишмаётган йирик лойиҳаларга хорижликлар жалб қилинади. Улар маҳаллий ишчи каби иш ҳақи ва меҳнат шароитига эга бўлади. Лойиҳа тугагач, виза бекор қилинади. Тўрт йил ичида жами 60 400 вақтинча иш визаси бериш назарда тутилган. Шу билан бирга мамлакатга келадиган муҳожирлар умумий сонини кескин камайтириш мақсад қилинган.
Ушбу режага қарши чиққан бизнес вакиллари ишчи кучи қисқариши иқтисодиётга зарар етказиши мумкинлигидан хавотир оляпти. Иммиграция департаменти собиқ раҳбарияти вакили Абул Ризвий хулосасига кўра, ҳукумат режаси амалга ошса ҳам мамлакатга келадиган ва юртдан чиқиб кетадиган мигрантлар ўртасидаги фарқни 100 000 га тушириш қийин.
Дарвоқе, қитъа-мамлакатдаги газ лойиҳалари экологлар норозилигига сабаб бўляпти: Биталу ҳудудидаги газ конлари ўзлаштирилиши туфайли ҳавога жуда кўп миқдорда буғ гази кўтариларкан.
Мусулмон Зиё, ЎзА