Авлонийнинг қайта ёнган маърифат чироғи
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизда барпо этилган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтининг янги биноси мамлакатимизда маърифий соҳаларда кечаётган ислоҳотларнинг ёрқин намунасидир.
Вазирлик ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари учун мазкур институтга пресс-тур ташкил этилди.
Авваллари деярли қаровсиз аҳволда бўлган ушбу институт биноси, унинг фаолияти бугунги кунда мазмунан, ҳам моҳиятан мутлақо янгича қиёфа касб этди. Бу ерда жадид боболаримиз тарихи, ибратли ҳаракатлари, улар яратган дарслик ва қўлланмалар, тарихий манбалар билан танишиш, шунингдек, энг инновацион дарс бериш технологиялари, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини юксалтириш, таълим тизимидаги барча янгиликлар ва маълумотларни олиш, таълим жараёнидаги муаммоли вазиятларни бартараф этишга оид янгиликлардан бохабар бўлиш имконияти яратилгани таҳсинга сазовор.
Пресс-тур давомида мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Сардор Ражабов соҳадаги ислоҳотлар, янгиликлар, мазкур институтда жорий этилган илғор усул ва технологиялар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига батафсил сўзлаб берди.
Эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 июндаги “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қайта ташкил этилган институт тузилмасида Халқаро тадқиқотлар маркази ҳам иш бошлади. Ушбу марказ мамлакатимизнинг халқаро тадқиқотларда иштирок этишига тайёргарлик кўриш, унда Ўзбекистон иштирокини таъминлаш вазифасини амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти 1934 йил ташкил топган бўлиб, бир асрга тенг вақт мобайнида мактаб директорлари ҳамда фан ўқитувчиларининг мунтазам малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш фаолияти билан шуғулланган.
Дастлаб, институтнинг икки гектар ер майдонига эга ҳудудида – 1 та ўқув биноси (49 та хона ва 1 та мажлислар зали), 2 та 520 ўринга эга бўлган ётоқхона (24 та люкс, 496 та оддий ўринли), 1 та 250 кишига мўлжалланган ошхона, 1 та қайта тайёрлов маркази (1 та студия хонаси), 1 та гараждан иборат бинолар мавжуд эди. Ушбу аудиторияларда замонавий кўникмаларни шакллантириш, машғулотларни интерактив тарзда ташкил этиш учун етарлича шарт-шароитлар мавжуд бўлмаган.
Жорий йилда институтнинг биноси тубдан янгиланди. Институтнинг янги биносидан менежерлик ўқув курслари ҳамда педагогларнинг малакасини ошириш учун 850 ўринли замонавий ўқув хоналари, 87 минг 750 та фондга эга Ахборот-ресурс маркази, Абдулла Авлоний номидаги ёдгорлик музейи ҳамда малака ошириш учун келган педагоглар учун 560 ўринли замонавий меҳмонхона типидаги ётоқхона ўрин олди.
Шунингдек, институтда Инновацион фаолиятни ривожлантириш, табиий фанлар ва муҳандислик, математика йўналишидаги фанлараро, илмий-тадқиқот ва лойиҳа машғулотларига асосланган замонавий таълим муҳитини яратиш мақсадида STEAM лабораторияси барпо этилди.
Таъкидлаш жоиз, 2025 йилдан бошлаб мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизими жорий қилинади.
Бунда Президент мактабларида тўпланган илғор тажрибалар узлуксиз касбий ривожлантириш тизими орқали умумий ўрта таълим муассасаларига кенг татбиқ этилади. Раҳбар кадрлар учун малака ошириш курслари менежерлик ўқув курслари учун жорий этилган тартиб асосида, педагог ва мутахассис кадрлар учун замонавий компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилган таълим дастурлари бўйича ташкил этилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг ўтган вақти давомида 316 минг 376 нафар педагог кадрлар малакаси оширилди.
Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида 4 минг 270 нафар таълим муассасалари раҳбарларининг малакаси оширилди. 666 нафар амалдаги директорлар ва 1 минг 201 нафар директор лавозимига номзодлар менежерлик ўқув курсларида ўқитилди. Умумтаълим мактабларининг 120 нафар ўқитувчиси Францияда, 32 нафар профессор-ўқитувчи Қозон федерал университети ва Беларусь давлат педагогика университетига малака оширишга юборилди.
[gallery-19649]
Ҳозирга қадар 1 минг 500 нафар умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига номзод, 1000 нафар амалдаги мактаб директорини “Менежерлик ўқув курслари”да ўқитиш белгиланган.
Пресс-тур давомида медиа соҳа вакиллари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти фаолияти билан батафсил танишиш имконига эга бўлди.
Назокат Усмонова,
Рустам Назарматов (сурат), ЎзА