Аттестация: баллар ўқитувчи малака тоифасини қандай ўзгартиради?
Педагог кадрлар учун аттестация синовлари давом этмоқда. Унда тўпланган ҳар бир балл ўқитувчининг малака тоифаси ва касбий келажагини белгилайди.
Айни дамда ҳудудларда педагог кадрлар учун аттестация синовлари ташкил этилмоқда. Қайд этиш лозимки, педагог кадрларнинг аттестациясида тўпланган ҳар бир баллари ўқитувчининг малака тоифаси ва касбий фаолиятига бевосита таъсир қилади. Айниқса, 80, 70, 60 ёки 55 баллик чегаралар кўпчиликни қизиқтирмоқда.
Шу ўринда савол туғилади: аттестацияда қайси балл қандай малака тоифасини беради? Қайси тоифадаги педагог неча балл тўплаши керак? Белгиланган натижага эриша олмаган ўқитувчини қандай ўзгаришлар кутмоқда?
Таълим ва илм-фан вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, педагог кадрларнинг аттестация натижалари икки босқичда тўпланган баллар асосида баҳоланади. Бунда педагогнинг амалдаги малака тоифасига қараб, унинг аттестациядан ўтган ёки ўтмагани, тоифаси сақланиши ёхуд оширилиши белгиланади.
Олий малака тоифали ёки бош ўқитувчи лавозимидаги педагог икки босқич натижалари бўйича 80 балл ва ундан юқори натижа кўрсатса, аттестациядан ўтган ҳисобланади ва мавжуд малака тоифаси сақланади. Агар 80 баллдан кам натижа қайд этилса, педагог аттестациядан ўтмаган деб топилади ҳамда биринчи малака тоифасига, яъни етакчи ўқитувчи лавозимига туширилади. Бироқ, навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилган педагоглар бундан мустасно.
Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, 80 балл ва ундан юқори — олий малака тоифаси берилади, 70–79 балл — биринчи малака тоифаси сақланади, 70 баллдан кам — иккинчи малака тоифасига туширилади. 70 балл ва ундан юқори — биринчи малака тоифаси берилади, 60–69 балл — иккинчи малака тоифаси сақланади, 60 баллдан кам — мутахассис лавозимига туширилади. Мутахассис ёки олий маълумотли ўқитувчи лавозимидаги педагоглар учун 60 балл ва ундан юқори натижа иккинчи малака тоифасини олиш имконини беради. 55–59 балл тўплаганлар эса амалдаги мутахассис лавозимини сақлаб қолади. Агар натижа 55 баллдан кам бўлса, педагог аттестациядан ўтмаган деб топилади ва мутахассис лавозимига мувофиқ эмас деб ҳисобланади. Бу ҳолатда ҳам навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилган педагоглар учун алоҳида тартиб қўлланади.
Навбатдан ташқари аттестацияда қатнашган педагоглар учун талаблар бошқача. Масалан, навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилган педагог кадр белгиланган натижани кўрсата олмаган тақдирда ҳам унинг амалдаги малака тоифаси ёки лавозими пасайтирилмайди. Шунингдек, у лавозимига мувофиқ эмас деб ҳисобланмайди.
Энг аввало, педагог ўзининг амалдаги малака тоифасига мос балл мезонларини билиши зарур. Чунки бир хил натижа турли тоифадаги педагоглар учун ҳар хил ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, 70 балл иккинчи тоифали ўқитувчи учун биринчи малака тоифасини олиш имкони бўлса, биринчи тоифали ўқитувчи учун амалдаги тоифани сақлаб қолишни англатади. Шу боис аттестацияда иштирок этаётган ҳар бир педагог ўз натижасини фақат тўпланган балл билан эмас, балки амалдаги малака тоифаси ва белгиланган баҳолаш мезонлари билан биргаликда таҳлил қилиши муҳим.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА