Атроф-муҳитга инсон омилининг таъсири
Инсонни атроф-муҳит ва уни ўраб турган табиат билан муносабати асосий экологик муаммолардан биридир. Инсон яшаш жараёнида атроф-муҳитга доимо ўз таъсирини ўтказади.
Айниқса, бугунги кунда бу таъсир жуда сезиларли бўлиб қолган. Ер юзида аҳоли сонининг тез суръатлар билан ўсиб бориши натижасида, аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда қондириш учун ишлаб чиқариш корхоналари сонининг муттасил ошиб бориши, табиий ресурсларни кўплаб ишлатилиши, транспорт воситалари сони ва турларининг кўпайиб бориши кузатилмоқда. Бунинг оқибатида, инсонни атроф-муҳитга аёвсиз таъсирида табиатдаги антропоген ўзгаришлар кўлами кенгайиб бормоқда.
Президентимиз томонидан мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва хавфсизлигини ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Экологик хавфсизликни таъминлашга муҳим сиёсий масала сифатида қаралмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этилиб, Оролбўйидаги шаҳар ва туманларни ривожлантиришга қаратилган дастурлар жадал амалга оширилмоқда. Атроф-муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, чиқинди тизимини тартибга солиш – ҳаётимиз, соғлиғимиз учун энг муҳим вазифалардан бири. Бу инсон саломатлиги ва хавфсизлиги, миллат келажаги билан боғлиқ долзарб масаладир.
Бугунги кунда дунё миқёсида чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бормоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, сўнги йилларда маиший ва саноат чиқиндилари йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Айниқса, ХХI асрда маиший чиқиндилар ҳажмининг ўсиши экологик барқарорликка жуда катта салбий таъсир кўрсата бошлади.
Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Ишлаб чиқариш соҳаларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш натижасида атмосферага чиқарилаётган зарарли моддаларнинг миқдори 2,1 мартага, оқава сувларнинг ташланиши 2 мартага камайган.
Жумладан, мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорлар чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаётига ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур ҳужжатлар чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш борасида аниқ ваколатли давлат органини белгилаш, мулкчилик шаклидан қатъий назар, соҳада фаолият кўрсатаётган юридик шахсларга шарт-шароит яратиб бериш, ишлаб чиқариш чиқиндиларини қайта ишлаш, маиший рўзғор чиқиндиларини утилизация қилишни ташкил этган ҳолда атроф-муҳитга, инсонлар соғлиғи ва мулкига салбий таъсирини камайтириш билан боғлиқ меъёрларни белгиланишига хизмат қилаётир.
Чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини ривожлантиришда иқтисодий усуллардан фойдаланишни йўлга қўйиш, хорижий инвестицияларга йўл очиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳисобига замонавий технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш жуда муҳим.
Айрим заводлар ҳавога меъёрдан ортиқча ташланма чиқариб, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундай ҳолатлар фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Бу борада ҳам мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар бир ҳудуд ҳаво ифлосланишини тезкор таҳлил қиладиган мобил лабораториялар билан таъминланаётир. Атроф-муҳитга юқори ва ўрта хавфли йирик саноат корхоналарида замонавий локал тозалаш иншоотларини ўрнатиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва хавфсизлигини ошириш, экологик осойишталикни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Саодат Ҳафизова,
Тошкент шаҳри
Янги ҳаёт туманидаги
285-умумтаълим мактаби ўқитувчиси