Атроф-муҳит мусаффолиги ўз қўлимизда
Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши даражасини камайтириш ва ифлослантирувчи газларнинг белгиланган меъёрдан ортиб кетиши сабаблари, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилиши ҳолатларини аниқлаш мақсадида ўрганиш ўтказилди.
Ўрганишлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Давлат экологик назорати инспекцияси, вилоят Экология бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бўлимлари, Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилди.
Унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти билан чегарадош бўлган Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб 9 та нуқтадан ҳавонинг ифлосланиши бўйича кўчма лаборатория орқали таҳлил қилинди. Натижада ифлослантирувчи моддалар миқдори ортиб кетганлиги аниқланди. Хусусан, иссиқхоналарда ўрганиш, тушунтириш ва профилактика тадбирлари олиб борилди. Зангиота туманида 16 та, Қибрай туманида 10 та, Тошкент туманида 4 та манзил кўздан кечирилди.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, иссиқхоналар табиий газ, кўмир ва бошқа ёнилғи турларида ишловчи атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг алоҳида тоифасига мансуб корхоналар ҳисобланади. Ўрганишлар давомида экологик талабларга риоя қилмаган фуқаролар иссиқхоналарда чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш, резина қолдиқлари ва бошқа чиқиндилардан ёқилғи сифатида фойдаланмаслик юзасидан огоҳлантирилди.
Мутахассислар маълумотига кўра, Тошкент вилояти ҳудудида атмосфера ҳавосига таъсир қилувчи назорат остига олинган объектлар сони 2 минг 82 тани ташкил этади. Ўтган йили шу тоифадаги корхоналардан ҳавога 425 минг тоннадан зиёд зарарли ташланмалар чиқарилган. Шуни эътиборга олиб, айрим корхоналар модернизация қилинмоқда.
А.Мусаев, ЎзА