Атроф-муҳит муҳофазасига оид келишув
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, тоза ичимлик сувини асраш бутун инсоният олдидаги энг долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Бу борада қатор чоралар кўрилмоқда, чегарадош ҳамда минтақа давлатлари ўртасида турли келишувлар тузилмоқда.
Яқинда Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов Душанбе шаҳрида Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Баҳодур Шерализода билан учрашди.
Қўмита маълумотига кўра, учрашув давомида томонлар икки мамлакатнинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларида экотизим хизматлари бўйича тажриба алмашиш, биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш соҳасида ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди. Тожик томонининг Сирдарё сувининг сифати бўйича қўшма ишчи гуруҳ фаолиятида расмий иштирок этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Чиқиндиларни бошқариш соҳасида меъёрий ҳужжатлар ва ҳуқуқий билимларни такомиллаштириш бўйича тажриба алмашиш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган йўналишлар бўйича икки давлат қўмиталарининг тегишли экспертлар учрашувларини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА