Атроф-муҳит муҳофазаси – долзарб масала
Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология масаласи бутун дунёни ташвишлантираётган глобал ҳамда долзарб муаммолардан бирига айланган. Бу каби муаммоларни ҳал этишнинг ягона ечими эса табиатга оқилона муносабатда бўлиш, бор имкониятларни ишга солган ҳолда кўкаламзорлаштиришга, яшилликни кўпайтиришга ва “яшил энергетика”дан унумли фойдаланишдир.
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Хайрулла Бақоев комбинатда бу борада белгиланган чора-тадбирлар, амалга оширилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.
– Навоий кон-металлургия комбинати тизимидаги барча корхоналарда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилган. 2024 йилда комбинат бўлинмаларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш мақсадида 9 дона самарадорлиги юқори бўлган чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилган бўлса, жорий йилда ана шундай ускуналарда 10 донасини ўрнатиш режалаштирилган. Бундан ташқари, жорий йилда 2 дона атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаларидан намуналар олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станция ўрнатиш мўлжалланган бўлиб, бу атмосфера ҳавосига ташланадиган ифлослантирувчи моддаларнинг камайиши ва экологик ҳолатни яхшиланишини таъминлайди.
Комбинатда биохилма-хилликни муҳофаза қилиш мақсадида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, яшил ҳудудларни кўпайтириш учун барча бўлинмаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йилда 174,7 гектардан ортиқ майдонларга жами 460 минг тупдан ортиқ, 2025 йилда эса баҳор ва куз мавсумида 463 минг туп мевали, манзарали ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб, комбинат таркибий бўлинмалари томонидан ўзларининг туташ ҳудудларида жорий йилнинг баҳор мавсумида 300 минг тупдан ортиқ кўчатлар экилди.
Яна бир муҳим ташаббуслардан бири комбинатимиз томонидан жорий йилнинг баҳор ва куз мавсумида 105 гектар ер майдонида “Яшил белбоғ”лар барпо этиш белгиланган. Жорий йилнинг баҳор мавсумида Кармана тумани халқаро М-37 автомобиль йўлининг ҳимоя ҳудудида комбинат томонидан 40,6 га ер майдонда 65 минг тупдан ортиқ манзарали кўчатлар экилди. “Яшил белбоғ”ларни ташкил этишдан асосий мақсад эса мамлакатимизда яшиллик даражасини ошириш, келажак авлодга муносиб экологик шароит яратишдир.
Бундан ташқари, тизимда ишлаб чиқариш чиқиндилари ҳисоби юритилиб, уларни паспортлаш, чиқиндилар кўмиб ташланадиган ва утилизация қилинадиган жойларнинг кадастри юритилиб борилмоқда. Бугунги кунда яроқсиз автомобиль шиналари комбинатда қайта ишланиб, пиролиз ёқилғиси, иккиламчи маҳсулот сифатида металлолом ҳамда техник углерод олинмоқда. Ҳосил бўлган қора ва рангли металл чиқиндилари Навоий машинасозлик заводи, ишлатилган мойлар Ангрен шаҳридаги “Uz prista reccyling” корхонасига қайта ишлаш учун юборилмоқда.
Комбинат корхоналарида яшил иқтисодиёт ва яшил энергия орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 2024 йилда жами 5700 кВт қувватли бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилди. 2025 йилда эса “Қизилқум” кон бошқармасига қарашли 1-сон ҳамда 6-сон ГМЗларида 1200 ва 2300 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станциялари, шунингдек, Шимолий кон бошқармасига қарашли Турбай конида 1500 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилади.
Суҳбатни ЎзА мухбири А.Бўриев ёзиб олди