Атом энергетикаси тизими бўйича янги низом
Вазирлар Маҳкамаси “Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб борадиган эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Ушбу қарорга кўра, ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш махсус ваколатли орган лицензиясига эга давлат ва (ёки) нодавлат таълим ташкилотлари билан тегишли ташкилот ўртасида тузиладиган шартнома (буюртма)лар асосида амалга оширилади. Бунда нодавлат таълим ташкилотлари таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензияга ҳам эга бўлиши шарт.
Малака ошириш камида 72 соатлик ўқув курсларида ўқитиш орқали амалга оширилади.
Ходимларни тайёрлаш – ходим ишга қабул қилинганда;
қайта тайёрлаш – танланган ёки турдош касб бўйича бошланғич касбий таълим бўлмаганда, тегишли касбий таълимни талаб қилувчи бошқа лавозимга ўтказишда;
малакасини ошириш – зарур бўлган касбий билим ва амалий кўникмаларини сақлаб туриш мақсадида уч йилда камида бир марта амалга оширилади.
Ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш даврида ходимларга уларнинг иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи ва лавозими сақланади. Агар мазкур тадбирлар учун ходимлар доимий яшаш жойидан бошқа ҳудудга юборилса, мазкур ходимларни юбораётган ташкилот томонидан қонунчиликда белгиланган барча зарур шарт-шароитлар яратилади.
ЎзА