Атлетларимизнинг Хитойдаги муваффақиятлари
Хитойнинг Ордос шаҳрида енгил атлетика бўйича 23 ёшгача бўлган атлетлар ўртасида Осиё чемпионати старт олди. Мусобақа Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли бошланди.
Ҳусусан, чемпионатнинг биринчи кунида терма жамоамиз вакиллари икки йўналишда совриндорлар сафидан жой олди. Дастлаб босқон улоқтириш баҳсларида иштирок этган Аюбхон Файёзов 71,16 метр натижа қайд этиб, кумуш медаль соҳибига айланди. Уч ҳатлаб сакраш дастурида қатнашган Иброҳим Маҳкамов эса 16,34 метрлик натижа билан мусобақани иккинчи ўринда якунлади ва терма жамоамизга яна бир кумуш медални тақдим этди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси U23 ёш тоифасидаги Осиё чемпионатини иккита кумуш медаль билан бошлади. Мусобақа давомида юртимиз спортчилари яна бир қатор йўналишларда медаллар учун курашни давом эттиради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА