Асрий таом: сумалак Наврўзнинг ноёб туҳфасидир
Халқимизда шундай яхши анъана бор, ҳар йили момоларимиз, онахонларимиз Наврўз байрами сабаб дошқозонларда сумалак пиширади. Бу байрамни сумалаксиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Мана, ўлкамизга баҳор айёми кириб келди. Бу йилги қиш ҳар йилгига қараганда қорли, совуқли бўлди. Бободеҳқонларимизнинг айтишларича, қишда қанчалик қор кўп ёғса, мўл-кўлчилик бўлар экан.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника институти ҳар йилги Наврўз айёмини ана шундай сумалак таомини тайёрлашдан бошлайди. Авваламбор, институт жамоаси томонидан теварак-атроф тозаланади, дарахтлар оқланади.
Сумалак, Наврўз ҳақидаги ривоят, афсоналар, пурҳикмат сўзлар қалбимизда муҳрланиб қолган. Сумалакни қандай пиширилгани ҳақидаги қуйидаги ривоятни жуда мароқ билан тинглардик. Деҳқон бува баҳор келиши билан уруғликка олиб қўйилган охирги донини сувга ивитиб қўяди. Лекин бирданига ҳаво бузилиб, буғдой ивитилган идишда ниш уриб ўса бошлайди.
Деҳқон таваккал қилиб, ниш урган ва анча бўй кўтарган донни қиймалайди ва уй бекасига бундан таом пиширишни илтимос қилади. У қозонга солиб узоқ вақт қайнатади. Таом шундай ширин пишибдики, унинг ёқимли, ўзи тўйимли, мазаси эса оғизда қоларли чиқибди. Таом борган сари халқ ўртасида тарқалиб, баҳорнинг лаззатли неъматига айланибди. Кейинчалик донни фақат уруғликкагина эмас, балки сумалак пишириш учун ҳам олиб қўядиган бўлишибди. Уруғликка олиб қўйилган дондан мўл-кўл ҳосил кўтарилса, сумалакка асралган дондан эса кишилар ўзининг соғлиги, тетиклиги ва бардамлигини тиклаш учун ҳаётбахш озиқ тайёрлаганлар.
Ҳа, сумалак йилда бир мартагина тайёрлаш мумкин бўлган ноёб таомдир. Шифокорларнинг таъкидлашича, сумалак таркибида инсон аъзоларини қонга ва лимфа суюқликларига жуда тез тўйинтирадиган монохорид бор экан. Унинг оқсили ҳам жуда нозик бўлиб, тана аъзолари, бадандаги ҳужайралар учун энг яхши озуқа ҳисобланар экан. Унинг таркибида инсон организми учун зарур бўлган С ва Е каби витаминлар мавжуд.
Сумалак гипертония касаллигига энг яхши даво, организмдаги қон таркибини яхшилайди. Томирлар торайган бўлса, қонни суюлтиради. Ошқозон ва ичак йўлини тозалайди, унинг фаолиятини кучайтиради, яъни ични яхши юриштиради. Кишининг иссиғи ортиб кетса, уни дарров туширади.
Сумалак Наврўзнинг ана шундай ноёб туҳфасидир. Қозон бошида мижжа қоқмай чиққан сумалакчи аёлларнинг, ёш қизларнинг шўх ўйин-кулгилари, лапарларида эзгулик акс этади, буларни сўз билан таърифлаш қийин. Бундай эзгулик қатнашчиларининг диллари ҳам, ички олами ҳам соф, покиза бўлади. Ана шунинг учун бўлса керак, Наврўз байрамида сумалак пишириш асрлар оша бизга мерос бўлиб келмоқда.
Марҳамат МАТВАФАЕВА,
ЎзРФА Ботаника институти
Ўзбекистон Республикаси Миллий гербарийси
Биология фанлари номзоди