Аср вабосига қарши кураш давом этмоқда
Сирдарё вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази, вилоят Ички ишлар бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят ва ҳудудий бўлими, “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Гулистон шаҳридаги 2-сонли умумтаълим мактабида аср вабоси – ОИВ/ОИТС инфекциясига қарши тарғибот тадбири ўтказилди.
— ОИВ/ОИТС инфекциясининг олдини олиш ва касалланганларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш масаласи долзарбдир, – дейди Сирдарё вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Валижон Шерматов. – Бу кунда тарғибот тадбирларини ўтказишдан мақсад бутун дунёда ОИТСдан азият чекаётганлар ҳаётини яхшилаш ва ўлимга олиб келиши мумкин бўлган вирусни йўқ қилиш бўйича ўтказилаётган тадқиқотларга ёрдам беришдир.

Сирдарёда айни вақтда ушбу турдаги касаллик билан касалланган фуқаролар 1402 нафарни ташкил этса, шундан 65 нафари 15 ёшгача бўлган болалардир. Бу касалликда қонга вирус тушгандан сўнг дастлабки даврларда одам ўзини соғлом ҳис этади. Бу ҳолат ҳаттоки 8-10 ва ундан кўп йилларгача давом этиши мумкин. Шундан сўнг дастлабки клиник белгилари намоён бўла бошлайди. Сабабсиз узоқ давом этувчи йўтал, одамнинг қисқа вақт ичида кескин озиб кетиши, ҳароратнинг узоқ вақт сабабсиз кўтарилиши ва ич кетиши (диарея), оғиз бўшлиғи ҳамда турли аъзоларнинг яллиғланиш белгилари, хавфли ўсмаларнинг ривожланиши намоён бўла бошлайди. Беморлар ОИВнинг бевосита таъсиридан эмас, балки юқоридаги қўшимча касалликларнинг асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмади.

Мазкур касалликка чалиниш ҳолатларини камайтириш мақсадида Президентимизнинг 2018 йил 22 июндаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва шифохона ички инфекциялари профилактикасига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида аҳоли орасида кенг қамровли тарғибот тадбирлари ўтказиб борилмоқда. Сирдарё вилояти ОИТСга қарши курашиш марказида ишонч телефони хизмати, “Дўстона хона” хизматлари йўлга қўйилган бўлиб, ушбу хизматлар орқали махфий ва индивидуал маслаҳат бериш йўлга қўйилган.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг Боёвут туманидаги 19- ва 20-сонли умумтаълим мактаблари, Гулистон шаҳридаги "Истиқлол" ва "Бўстон" маҳаллалари, Гулистон шаҳридаги ҳарбий қисм, Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бошқармаси, Гулистон давлат университети, Янгиер шаҳридаги академик лицейда ташкил этилди.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА