Аср қаҳрамони
Қаллибек Камаловнинг 100 йиллиги
Қорақалпоқлар бахтли халқ. Оз сонли қорақалпоқ халқининг номини дунёга танитиб, тенглар ичида тенг даражага етказишда машҳур эл фуқаролари Матеке Жуманазаров, Наврўз Жапақов, Пиржан Сейтовнинг хизматлари катта, албатта.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмига келиб, саводли, сабрли, ёш мутахассис Қаллибек Камалов ижтимоий-сиёсий майдонда кўрина бошлади. Унинг раҳбарлик даври автоном республиканинг Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари билан солиштирганда анча орқада қолган даврига тўғри келди.
Қаллибек Камалов 1926 йили Тахтакўпир туманининг “Тўққизинчи овул”да тарихда номи машҳур “Тербенбес” оролининг этагида дунёга келди. Унинг отаси Камал ўз даврининг машҳур тадбиркори, кенг феълли, хайр-саховатли инсон Лепес бўлиснинг котиби, саводли одам эди.
Онаси Давлатбика қадди-қомати келишган, жуда гўзал аёлбўлган. Ривоятларда “Онасига ўхшаган фарзанд бахтли бўлади” дейилади. Шунданми, Қаллибек ҳам жуда келишган, узун бўйли, мулойим, ширин сўзли йигит бўлиб вояга етди.
У бошланғич таълимни олгандан кейин ўқишини Тахтакўпир тумани марказидаги мактаб-интернатда давом эттирди. Шу ерда у тўққизинчи синфни тугатиб, ўша давр мезонига кўра ўрта маълумотга эга бўлди. Мактабни тугатиб, энди қаерда ўқишни билмай ёки қишлоққа бориб ишлашга бел боғлай олмай юрган бир даврда иккинчи жаҳон уруши сабабли Нукусдаги ўқитувчилар тайёрлайдиган курснинг Чимбойга кўчиб келиши у учун айни муддао бўлди. Ўқиш бошланганига кўп бўлмай, армия ёшига тўлган талабалар фронтга олингани сабаб, курс вақтинча ёпилди.
Қаллибек қишлоғига қайтишга мажбур бўлди. Бу қишлоқда бутун республикага машҳур боғ-ҳовлили мактаб бор эди. Ўша йилларда тўққизинчи синфни битирган ёшлар олий маълумотли мутахассислардек обрўга эга эди. Камалов мактабда ҳарбий тарбия бўйича ўқитувчи бўлиб ишлай бошлади. Бу фанни у икки йил давомида интернатда ҳам ўқиб, маълум даражада тушунчага эга бўлганлиги, қийинчилик туғдирмади. Аксинча, унинг интернатни аъло баҳолар билан битирганлигини ҳисобга олиб, унга биология, физика, адабиёт дарсларидан ҳам ўқувчиларга дарс беришга ишонч билдирилди.
1945 йили институтнинг тарих факультетига ҳужжат топширди. Кўп ўтмай институт имтиҳонларини муддатидан олдин топширган Камалов, бевосита талабалар аудиториясидан Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар ташкилотининг котиблигига кўтарилди. Бу унинг сиёсий-ижтимоий ҳаётга қўйган дастлабки қадами эди.
Қаллибек ёшлар ташкилотида ишлаб юрган пайтлари Ўзбекистон Ёшлар ташкилоти Марказий Қўмитаси инструктори Любов Семеновна билан танишди ва турмуш қурди.
1963 йили у Қорақалпоғистон вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби лавозимига тайинланди. Бу вақтда у 36 ёшда бўлиб, Ўзбекистондаги энг ёш раҳбарлардан бири эди. У бунгача Қорақалпоғистон Ёшлар ташкилотининг биринчи котиби, Нукус шаҳар ижроия қўмитасининг раиси, республика автомобиль-тош йўллар вазири, коммунал хўжалиги вазири, Куйбишев тумани партия қўмитасининг биринчи котиби, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Вазирлар Кенгашининг раиси лавозимларида хизмат қилиб, деярли эл бошқариш мактабидан ўтган эди.
Ўша пайтда унинг олдида асосий вазифа – пахтадан олинадиган маҳсулот ҳажмини ошириш, шунинг ҳисобига аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш масаласи турган эди. У Чимбойдаги деҳқончилик илмий-тадқиқот институтига иқлимга мос янги навларни яратишни топширди. Натижада пахтанинг “Чимбой” навининг бир неча тури яратилди. Етмишинчи йиллари республика далаларига экилган “Чимбой” ва “F-108” навларидан бўйи бир метр, бир метр 20 сантиметр даражасигача ўсиб, улар 100 кўсаккача солишга эришган эди. Бу кўсакларнинг камида 60-70 фоизи вақтида пишиб етилиб, улар биринчи навли пахта толасини берди.
Фидокорона меҳнат натижасида Қорақалпоғистон илгари ўртача 12-13 центнерлик ҳосил етиштирган бўлса, 30-31 центнер ҳосил олишга эришди. Бу ютуқлар, албатта, элбоши Қаллибек Камаловнинг талабчанлиги, ватан учун, халқ учун тинимсиз қилган хизматлари меваси ва у билан елкама-елка меҳнат қилган замондошларининг эришган ютуғи эди.
1969 йили “Амударёнинг қуйи қисмида шоликорликни ривожлантириш тўғрисида”ги қўшма қарорга мувофиқ, янги 28 та шоликорлик хўжалиги ташкил этилди. Ушбу хўжаликлар жойлашув шароитига кўра Тахтакўпир, Қораўзак, Чимбой, Нукус, Қонликўл, Қўнғирот туманлари ҳудудида ташкил этилди. Ҳар бир хўжаликда 4-4,5 минг гектар янги ер очилиб, улар тезда экинзорга қўшилди.
Янги ташкил этилган хўжаликларда шоликорлар учун замонавий услубдаги уйлар, болалар боғчалари, мактаблар, аҳолига маиший хизмат кўрсатадиган объектлар барпо этилди. Меҳнаткаш деҳқонлар тез орада экиннинг агротехникасини ўзлаштириб олди. Қўшни Қозоғистоннинг Қизил Ўрда ва Россиянинг Краснодар ўлкаси шоликорлари билан тажриба алмашилди.
Дастлабки йилларда комбайнларнинг носозлиги туфайли шоли йиғим-терими уч ойга чўзилиб, ҳосилдорлик 40-50 центнердан камайган бўлса, кейинчалик катта тажриба тўпланди. Хориждан етук янги комбайнлар харид қилиниб, ҳосилдорлик гектарига 70-80 центнерга етказилди. Натижада саксонинчи йилларга келиб шоликорларнинг собиқ иттифоқ миқёсида ўтказиладиган семинар кенгашлари Оролбўйига кўчди. 1984 йили Қорақалпоғистоннинг шоли хирмони 352 минг тоннага етиб, мамлакатни дон мустақиллиги билан таъминлашга муваффақ бўлди.
Қорақалпоғистонда қурилиш ишлари ҳам деярли йўқ эди. Шу боис қурилиш соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун биринчи бўлиб “Тахиаташэнергоқурилиш” трести ташкил этилди. Янги трест ёрдамида Тахиатош ГРЭСнинг тўлиқ қувватда ишлаши Қорақалпоғистонни электрлаштириш билан бирга янги саноат корхоналарининг қурилиб ишга тушишига имконият яратди. Унинг бевосита раҳбарлигида янги пахта, ёғ, ғишт, мармар заводлари пайдо бўлди.
Тахиатош ГРЭСидаги Тахиатош тўғонини қуриш 12-13 йилга режалаштирилган бўлса-да, бу тинимсиз саъй-ҳаракатлар билан 5 йил-у 3 ойда қуриб битказилди. Бу тўғон орқали Амударёнинг суви билан исталган вақтда туманларни таъминлаш имконияти туғилди. Тўғон ишга тушиши билан дарёни кесиб ўтган автомобиль ва темир йўл пайдо бўлди. Ушбу кўприк орқали жанубдан шимолга газ қувурлари ўтказилди.
Қисқа вақт ичида республикадаги қурилиш трестлари сони 18 тага етказилди. Уларнинг ёрдами билан кўплаб завод-фабрикалар қурилди, айниқса, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш йўлида силга қарши кураш диспансери, тиббиёт билим юрти, 1-сонли республика шифохонаси, юқумли касалликлар, тери касалликлари, кўз касалликлари, болалар силга қарши санаторийлар, гастрономлар, универсал дўконлар, туман марказларидаги ихтисослаштирилган шифохоналар, меҳмонхона, театр, аэропорт... Бир сўз билан айтганда, Қорақалпоғистон қурилиш майдонига айланди.
У ўзининг 21 йиллик раҳбарлик даврида Қорақалпоғистон аҳолисининг 70 фоизи табиий, 28 фоизи суюлтирилган газ билан таъминланди. Электр токи бормаган бирорта қишлоқ ва хонадон қолмади. Бу фидойи меҳнатлар самараси натижасида у 2017 йили “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди.
Муратбай Низанов,
Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси.
ЎзА.