Янгиланишлар эртанги тараққиёт пойдеворидир
Тарих ва замонавий дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, энг илғор технологиялар ҳам, улкан молиявий ресурслар ҳам билимли, ташаббускор ва фидойи кадрларсиз ўз самарасини бермайди. Чунки ҳар қандай тараққиётнинг марказида инсон омили туради.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда инсон ресурсларини бошқариш масаласи сўнгги йилларда мутлақо янги мазмун ва аҳамият касб этмоқда. Илгари оддий “кадрлар бўлими” доирасида қаралган ушбу йўналиш бугун стратегик аҳамиятга эга давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу эса мамлакатда инсон капиталига бўлган муносабат тубдан ўзгараётганини, ҳар бир ходим салоҳиятини ривожлантириш ва самарали фойдаланиш давлат тараққиётининг устувор йўналишига айланганини кўрсатади.
Яқин ўтмишда давлат хизматига ишга кириш кўпчилик учун мураккаб ва ёпиқ жараён сифатида қабул қилинган эди. Сўнгги ислоҳотлар бу стереотипни бутунлай ўзгартирди. Хусусан, 2019 йилда қабул қилинган фармон ва 2022 йилдаги “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун соҳада мутлақо янги ёндашувни шакллантирди.
Бугунги кунда ҳар бир фуқаро vacancy.argos.uz платформаси орқали очиқ танловларда иштирок этиш имкониятига эга. Бу эса давлат хизматини ҳақиқий рақобат майдонига айлантирди. Энг муҳими, тизимга муносиблар танланиши тамойили жорий этилди. Шу билан бирга, hrm.argos.uz ва test.argos.uz каби рақамли платформалар орқали ходимларни баҳолаш, уларнинг салоҳиятини аниқлаш ва ривожлантириш тизими йўлга қўйилди. Бу эса инсон ресурсларини бошқаришда шаффофлик ва самарадорликни таъминламоқда.
Сўнгги йилларда давлат бошқаруви тизимида сифат жиҳатидан муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, раҳбар кадрлар фаолиятини баҳолашда янги ёндашув – натижадорликка асосланган тизим жорий этилмоқда. Эндиликда раҳбарларнинг иш фаолияти “шунчаки ишлаш” мезони билан эмас, балки аниқ кўрсаткичлар муҳим самарадорлик индикаторлари орқали баҳоланмоқда. Бу эса ҳар бир раҳбардан юқори масъулият, аниқ режа ва амалий натижа талаб этади.
Жумладан, “Samaradorlik.uz” платформаси орқали ҳоким ўринбосарларидан тортиб, вазирлик ва идоралар мутасаддиларигача бўлган раҳбар кадрларнинг фаолияти тизимли равишда таҳлил қилинмоқда. Ушбу ёндашув орқали фақат вазифани бажариш эмас, балки унинг самараси, жамиятга берган натижаси асосий мезонга айланмоқда. Бу тизим, ўз навбатида, фаолиятга формал ёндашувни чеклаб, “ишга келиб-кетувчи” эмас, балки натижа учун масъулиятни ҳис қиладиган, ташаббускор ва профессионал кадрларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Мамлакат тараққиётида инсон капитали ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис, малакали ва замонавий фикрлайдиган кадрларни тайёрлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Ушбу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқарув академиясида инсон ресурсларини ривожлантириш йўналиши бўйича магистратура босқичининг очилиши муҳим қадам бўлди. Бу ташаббус давлат бошқаруви тизими учун профессионал кадрлар захирасини шакллантиришда янги имкониятлар яратмоқда.
Бугунги кунда мазкур йўналишда республиканинг турли ҳудудларидан саралаб олинган 30 нафар тингловчи таҳсил олмоқда. Улар Меҳнат кодекси, замонавий HR менежмент назариялари, шунингдек, турли авлодлар – X, Y ва Z вакиллари билан самарали ишлаш кўникмалари бўйича чуқур билим ва амалий тажрибага эга бўлмоқда.
Энг муҳими, ушбу таълим жараёни назария ва амалиёт уйғунлиги асосида ташкил этилгани билан аҳамиятлидир. Бу эса келажакда давлат хизматига кириб келадиган кадрларнинг нафақат билимли, балки амалий жиҳатдан ҳам тайёр бўлишини таъминлайди.
Кейинги йилларда давлат бошқаруви тизимида самарали ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамасдан, бу йўналишда ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар ҳам мавжудлигини тан олиш керак. Хусусан, давлат органларида стратегик режалаштириш механизмлари ҳали тўлиқ шаклланмагани, айрим ҳолатларда функцияларнинг бир-бирини такрорлаши ва қарор қабул қилиш жараёнларининг марказлашганлиги маҳаллий даражада самарадорликка тўсқинлик қилмоқда.
Айни дамдаги, энг долзарб масалалардан бири давлат хизматчисининг маънавий қиёфасини юксалтиришдир. Коррупцияга қарши курашиш фақат институционал ислоҳотлар билан чекланиб қолмаслиги керак. Бу жараёнда “ҳалоллик вакцинаси”ни жамият онгига сингдириш, хизмат вазифасини виждонан адо этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига нафақат иш жойида, балки кундалик ҳаётда ҳам амал қилиш маданиятини шакллантириш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
Бугунги янгиланишлар эртанги барқарор тараққиёт пойдеворидир. Зеро, кучли кадрларсиз кучли давлатни барпо этиш мумкин эмас.
Насиба Туремуратова,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат сиёсат ва бошқарув академияси
Инсон ресурсларини ривожлантириш йўналиши магистратура тингловчиси.
ЎзА.