Аср билан бўйлашган момолар хонадони йўқланди
Халқимизда кексаларга ҳурмат-эътиборда бўлиш, уларни эъзозлаш юксак маънавий қадриятга айланган. Нуронийлар маслаҳат берса, узоқни кўзлайди, дуоси орқали эл-юрт тинчлиги, меҳр-муҳаббати, дастурхон қут-баракасию ёшлар камолотини ният қилади. Қаерда кексалар бўлса, уларга эътибор бўлса, шу жойда файз бор, барака бор.
Ёши улуғ нуронийлар, меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар кексаларга кўрсатилаётган юксак эҳтиромнинг ёрқин намунасидир.
Фарғона вилояти Бағдод туманининг “Бағдод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 100 ёшдан ошган Иноятхон момо Қаюмова ва “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қумрихон момо Фармонова, шунингдек, Бувайда тумани Қорақум МФЙ, Замондошлар кўчасида истиқомат қилувчи республикамизда ёши энг улуғ – 126 ёшли Хувайдо момо Умарова ҳолидан хабар олиш учун уларнинг хонадонига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг кексалар ва фахрийлар билан ишлаш бошқармаси бош мутахассиси Муаззамхон Умарова, Фарғона вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси – вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Тўлқиной Тожиева ва яна бошқа фаоллар ташриф буюришди.
Аср билан бўйлашган момоларга “Кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, оилаларда маънавий муҳитни соғломлаштириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлидаги фаоллиги учун” Республика “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раиси, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони С.Турдиевнинг ташаккурномаси ҳамда совға-саломлар топширилди. Йўқловдан мамнун момолар дуога қўл очишиб, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз янада фаровон, меҳнаткаш халқимиз бахтиёр, Президентимиз соғ-саломат бўлишини сўраб, дуолар қилишди.
М. Сулаймонов, ЎзА