Асоссиз қарздорлик бекор қилинди
Жиззах вилоятининг баъзи ҳудудларида электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги каби ҳолатлар учраб турибди.
Форишда фаолият юритаётган фермер хўжалиги раҳбари туман электр таъминоти корхонаси ходимларининг ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Жорий йилнинг 25 апрель куни фермер хўжалигига нисбатан электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги ҳақидаги далолатнома расмийлаштирилган ва 114 кун давомида ушбу хўжалик электрдан ноқонуний фойдаланиб, давлат ҳисобига моддий зарар етказилганлиги бўйича қайта ҳисоб-китоб далолатномаси тузилган.
Бизнес-омбудсман девони вакили томонидан мурожаатда келтирилган масалалар “Ўзэнэргоинспекция”си Жиззах ҳудудий бўлимидан мутахассис жалб қилган ўрганиш натижасида маълум бўлишича, Фориш туман электр таъминот корхонаси ходимлари томонидан қайта ҳисоб-китобга асос қилинган 114 кун асослантирилмаган. Аслида Фориш туман иқтисодий судининг 2022 йил 10 октябридаги ижро ҳужжатига асосан фермер хўжалигининг уч дона трансформатори қарздорликни ундириш мақсадида олиб қўйилган. Ушбу трансформаторлар 2023 йил 3 март куни давлат ижрочиси томонидан қайтариб берилган.
Бизнес-омбудсман томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ Жиззах ҳудудий филиалига қайта ҳисоб-китобнинг асоссизлиги исботланиб, жорий йилнинг 23 майида тадбиркорга нисбатан ҳисобланган зарар суммаси бекор қилинди.
А.Қаюмов, ЎзА