Асосий эътибор инсон манфаатига қаратилган
11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни
Одатда, касаба уюшмалари ҳақида гап кетганда иш берувчи ва ходим ўртасида кўприк вазифасини ўтовчи, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотни тушунамиз. Кўпчилигимиз билган, аъзо бўлган касаба уюшмаларининг шундай фаолиятидан хабардормиз, бунга гувоҳ бўлганмиз.

Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятида эса бугун ушбу йўналишлардан ташқари жамият ҳаётининг турли жабҳалари қамраб олинганини кўришимиз мумкин. Хусусан, хотин-қизлар турмуш шароитини яхшилаш, болалар манфаатини ҳимоя қилиш, маданият, санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, давлат дастурлари ижросини таъминлаш ва бошқа йўналишларда ҳам касаба уюшмалари фаол иштирок этмоқда.
Жорий йилда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлашга кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг дастури қабул қилинган. Шу асосида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши дастури ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилган.

– Беш бўлим, 30 банддан иборат дастурда асосий эътибор инсон манфаатларига қаратилган, десак муболаға бўлмайди, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Бунда ходимлар, жумладан, ёшлар учун муносиб турмуш шароити яратиш, уларнинг ўқиши, ишлаши учун имкониятларни кенгайтириш, кекса авлод вакиллари саломатлигини таъминлаш, болалар ҳуқуқларини кафолатлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш асосий устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
Бу борада йил бошидан буён кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 1723 нафар фарзандига ўқув қуроллари, дарсликлар олиб берилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 105 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабага ўқув шартнома пуллари қисман тўлови учун 357 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Турли байрамлар, муҳим саналар муносабати билан 533 нафар ногиронлиги бўлган шахс ва ўзгалар парваришига муҳтож киши, корхоналарнинг собиқ ходимларига касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан қарийб 100 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
380 нафар икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга жами 111 млн. 160 минг сўм, шундан, 63 млн. 460 минг сўм иш берувчилар ва 47 млн.700 минг сўм касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Бундан ташқари 2535 нафар кам таъминланган, ёш оила вакилларига касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан 592 миллион сўм, иш берувчилар томонидан 410 миллион сўм ёрдам берилиши таъминланди. 32 нафар ёш ходим сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан иш берувчи томонидан 139 миллион сўм фоизсиз ссуда амалга оширилди.
Шунингдек, 57 та ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун иш берувчи ҳисобидан 320 миллион сўм ссудалар ажратилиши таъминланди.
Давлат ташкилотлари, идораларда ёш болали аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай меҳнат шароити яратиш масаласи доимий эътиборда бўлади. Аммо хусусий тадбиркорлик субъектларининг барчасида ҳам бундай имконият мавжуд деб айта олмаймиз. Шу боис йилнинг ўтган даврида нодавлат мулк шаклидаги 110 та корхона ва ташкилотда жамоа шартномаларига ўзгартириш киритиш орқали 132 нафар ёш болали аёллар учун ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди.
Касаба уюшмалари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ишчи ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, мароқли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш борасида йил бошидан буён ижтимоий суғурта ва касаба уюшмалари бюджети ҳисобидан вилоятдаги ташкилот ҳамда корхоналарда фаолият олиб бораётган 4354 нафар ишчи ва уларнинг оила аъзоларига республикамиздаги ўттиздан ортиқ санаторийга йўлланма берилди. 200 нафарга яқин уруш ва меҳнат фахрийлари, байналминалчи жангчилар, кўп болали, кам таъминланган оилаларнинг меҳнат қиладиган аъзолари Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси маблағлари асосида бепул соғломлаштирилди. Болаларни оромгоҳларда соғломлаштириш мавсумида эса ижтимоий суғурта бюджетидан ҳар бир дам олган бола учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи (170 минг сўм) миқдорида маблағ тўлаб бериш белгиланган бўлиб, 7 минг нафарга яқин болаларни соғломлаштириш учун сақлаш харажатларига 1 миллиард 182 миллион сўм маблағ сарфланди. Умуман, ёз мавсумида Самарқанд вилоятидаги 15 та стационар оромгоҳда 9200 нафардан ортиқ болалар соғломлаштирилди.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури асосида касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан 5600 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар оилалари аъзоларининг юртимиз тарихий шаҳарларига саёҳати уюштирилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири