АСКУЭ тизими: истеъмолчи учун қулай
АСКУЭ тизими электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими ҳисобланади.
АСКУЭ тизими электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими ҳисобланади. Андижон вилоятида мазкур тизимга ўтиш, замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатиш, истеъмолчиларни ушбу тизимга тўлиқ улаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Ҳозирга қадар Андижон, Хонобод шаҳарлари, Андижон, Асака, Бўстон ва Хўжаобод туманларида 175 мингдан ортиқ истеъмолчи АСКУЭ тизимига уланиш имконини берувчи замонавий ҳисоблагичлар билан таъминланди.
Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрдаги «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ана шу йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
– Замонавий ҳисоблагичларнинг асосий қисми маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилмоқда, – дейди “Андижон ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раҳбари Аҳаджон Жўраев. – Янги ҳисоблагич аввалгиларига нисбатан 20 дан зиёд функцияни бажара олади. Ҳисоблагич ўрнатилгач, автоматик тарзда АСКУЭ тизимига уланади ва код киритилиб, ҳисобрақам очилади. Истеъмолчиларга SMS хабар орқали барча маълумотлар автоматик тарзда етказиб турилади. Мобиль телефон рақамига уланиши сабабли истеъмолчилар электр таъминоти корхонаси ёки банкларга бориб навбатда турмайди, тўловни уйдан чиқмай “online” режимида амалга ошириш мумкин бўлади. Энг муҳими, “шахсий кабинет” орқали ҳар бир истеъмолчи қанча электр энергияси сарфлаганини кузатиб туриш имконига эга бўлади.
Янги тизимда ҳисоблагичдаги маълумотлар компьютер орқали назорат қилинади. Электр таъминоти корхонаси ходимлари уйма-уй юришга кетадиган вақтини тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилашга сарфлайди.
Ушбу тизимнинг яна бир афзаллиги шундаки, маълумотларни сохталаштиришга уриниш, яъни ҳисоблагичга таъсир ўтказиш ҳолатлари юзага келса, дарҳол ўчиб қолади ва бу ҳақда шу заҳотиёқ тизимга хабар юборади. Шунингдек, истеъмолчи сарфланган энергия учун тўлов тўламаган тақдирда масофадан ўчириб қўйиш мумкин бўлади. Энг асосийси, замонавий ҳисоблагичлар электр таъминоти корхонаси томонидан 10 йилда бир маротаба қиёсловдан ўтказилади.
АСКУЭ тизимини жорий этиш дастури доирасида замонавий электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларга “Андижон ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан бепул ўрнатиб берилмоқда.
АСКУЭ тизимини жорий этиш, янги ҳисоблагичлар ўрнатиш борасидаги ишлар белгиланган режа асосида изчил давом эттирилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, қолаверса, одамларни қийнаб келаётган электр энергияси билан боғлиқ муаммоларга чек қўйишдир.