Аскарларга байрам туҳфаси
Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида капитал таъмирдан чиққан аскарлар ётоқхонаси фойдаланишга топширилди.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида капитал таъмирдан чиққан аскарлар ётоқхонаси фойдаланишга топширилди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.
Тантанали тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев, Нукус туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Коблан Токимбетов ҳамда ҳарбий қисм шахсий таркиби иштирок этди.
Сўзга чиққанлар замонавий дизайн ва барча қулайликларга эга бўлган аскарлар ётоқхонаси давлатимиз томонидан ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, жанговар-хизмат фаолиятини олиб бориши учун қулай шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг яққол мисоли эканини таъкидлаб ўтишди.
“Қурилиш проминвест” МЧЖ томонидан капитал таъмирланган янги ётоқхона бир неча қисмлардан иборат бўлиб, 100 нафарга яқин ҳарбий хизматчининг жойлашиши ва яшашига хизмат қилади. Ётоқхона замонавий дизайн асосида таъмирланиб, унда сифатли хомашёлардан фойдаланилган. Хоналарга электр энергиясини кам истеъмол қиладиган ва узоқ муддат хизмат қиладиган ёритиш мосламалари ҳамда уч дона совутиш ва иситиш тизимида ишлайдиган катта кондиционер ускуналари, ҳарбий хизматчилар янгиликлар ва кўнгилочар дастурларни томоша қилиши учун бир нечта телевизорлар ўрнатилган.
Ётоқхона мажмуаси аскарларнинг ётоқхонаси, маданий ҳордиқ чиқариш жойи, Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти хонаси, маиший хизмат кўрсатиш ва ювиниш жойлари, стол тенниси билан шуғулланиш учун бурчак, маънавий-маърифий тайёргарлик ҳамда бошқа хоналардан иборат.
– Сафдошларим билан қувончимиз ичимизга сиғмаяпти, – деди муддатли ҳарбий хизматчи оддий аскар Муҳаммаднозим Анварбеков. Биз учун шунча қулай шароитлар яратиб берилаётган экан, бунга жавобан янада садоқат билан Ватанимизга хизмат қилишга ваъда берамиз.
Аскарлар ётоқхонаси фойдаланишга топширилиши муносабати билан Нукус туман ҳокимлиги томонидан ҳарбий қисмга эсдалик совғаси топширилди.