Аскарлар тавсиянома учун тест топширди
Марказий ҳарбий округ ҳудудида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ҳарбий қисм қўмондонлигининг имтиёзли тавсияномасини олиш учун тест синовларини топширди.
Тест синовлари муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларининг ўзлаштирганлигини якуний баҳолаш мақсадида ташкил этилди. Жараёнда талабгорлар жанговар тайёргарлик бўйича 40 та, маънавий-маърифий тайёргарликка оид 20 та, математика ва физика фанларидан 20 та ва яна 20 та мантиқий тест топшириқларини бажаришлари белгиланган.
[gallery-21341]
– Муддатли ҳарбий хизматни ўташ давомида жанговар тайёргарлик билан бирга маънавий-маърифий соҳадаги билимларимизни мустаҳкамлаб, математика, физика фанлари бўйича ўқиб, ўрганиш учун имкониятлар етарли бўлди, – дейди муддатли ҳарбий хизматчи Жавоҳир Валиев. – Имтиёзли тавсияномалар учун ўтказилган тест синовлари тайёргарлигимизни баҳолаб беради, албатта. Барча талабгорларга омад тилайман.
Тест синовларини муваффақиятли топширган муддатли ҳарбий хизматчилар имтиёзли тавсияномаларни қўлга киритиб, олий ўқув юртларига қўшимча квоталар орқали ўқишга кириш имкониятига эга бўлади.
Ғ.Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбири