Аскарлар имтиёз учун тест топширди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Кичик мутахассислар тайёрлаш марказида Марказий ҳарбий округи Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмларда йигитлик бурчини ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчилар ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасини олиш бўйича тест синовларини топширди.
Маълумки, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасини олган муддатли ҳарбий хизматчилар республикамизнинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга, республиканинг олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириши учун тегишли ўқув йилига тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари алоҳида ажратилган қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
[gallery-10368]
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилаётган тест синовлари муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларининг ўзлаштирганлигини якуний баҳолаш ҳамда уларнинг билим даражасини текшириш мақсадида ташкил қилинган.
– Ҳарбий хизмат давомида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларини пухта ўзлаштириб, тест синовларига муносиб тайёргарлик кўрдим, – дейди оддий аскар Асомиддин Абдулазизов. – Ҳарбий қисмда яратилган шароитлар билимимизни мустаҳкамлаш, ўз устимизда ишлашда қўл келди. Белгиланган умумий 100 та тест саволларини 3 соат вақт оралиғида ишлаб чиқдим. Ўйлайманки, натижа кутганимдек бўлади ва ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасини оламан. Мақсадим ҳарбий билим юртида ўқиб, шу соҳада ишлаш, Ватанимизнинг содиқ ҳимоячиси бўлишдир.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА