Ашхободда халқаро мусобақа ғолиблари тақдирланди
16 май куни Ашхобод шаҳридаги “Тошкент боғи”да Ўзбекистон Республикаси Президентининг бош совринларига сазовор бўлган халқаро от спорти мусобақалари ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари, отчилик соҳаси мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг мусобақа иштирокчилари ва ғолибларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Қутлов мурожаатида Тошкент шаҳрида ўтказилган “Шарқ марвариди” халқаро мусобақалари ва ахалтака отлари гўзаллик танлови ўзбек-туркман дўстлиги, қардошлигини янада мустаҳкамлаган муҳим тарихий воқеа сифатида баҳоланди.

Шунингдек, Ашхобод шаҳридаги “Тошкент” боғи ва Тошкент шаҳридаги “Ашхобод” боғида бир вақтда ташкил этилган тантанали тадбирлар икки давлат муносабатлари янги мазмун билан бойиб бораётганининг ёрқин ифодаси экани таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари халқаро мусобақалар икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилаётганини таъкидладилар.

Маросим миллий маданий чиқишлар ва концерт дастури билан якунланди.
Б.Худойбердиев, ЎзА