Асаларилар йўқолиб кетиш хавфи остида
20 май — Бутунжаҳон асаларилар куни
Маълумотларга кўра, дунёда йигирма мингга яқин ари тури мавжуд. Асаларилар эса йигирма минг тур арилар орасида инсонни биринчи марта чаққандан сўнг ҳалок бўлувчи ягона ари тури ҳисобланади.
20 май дунёнинг кўплаб давлатларида Бутунжаҳон асаларилар куни сифатида нишонланиши асаларилар ва бошқа чанглатувчиларнинг аҳамияти, улар дуч келадиган таҳдидлар ва уларнинг барқарор ривожланишга қўшадиган ҳиссаси тўғрисида хабардорликни оширишга хизмат қилади.
Чанглатувчилар экотизимлардаги муаммолар ҳақида огоҳлантирувчи экологик сигнал вазифасини бажаради. Шунингдек, улар биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим омил ҳисобланади.
Турли омиллар, хусусан, бегона ҳашаротлар, заҳарли кимёвий моддалар (пестицидлар), ердан фойдаланишдаги ўзгаришлар, иқлим ўзгаришлари ва ифлосланиш каби омиллар натижасида асаларилар йўқолиб кетиш хавфи остида. Шу сабабли, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2017 йилдан бошлаб "Бутунжаҳон асаларилар куни" жорий қилинди.
Нега айнан 20 май? Чунки 1734 йилнинг айнан шу куни замонавий асаларичилик асосчиси Антон Янша туғилган. У 1771 йилда асалари ҳақида рисола чоп этади, бу асар бир неча бор қайта нашр этилади. Бугунги кунда унинг маслаҳатлари ва ихтиролари бутун дунё бўйлаб асаларичилар томонидан қўлланилади.
Асаларилар кўплаб ўсимликлар, жумладан, озиқ-овқат экинларининг кўпайишида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Бу ҳашаротлар 75 фоиздан ортиқ экинларнинг кўпайишида иштирок этади, ҳосилдорликни оширади, маҳсулот сифатини ва хилма-хиллигини яхшилайди, биохилма-хилликни сақлайди, тупроқ унумдорлиги, ҳаво ва сувнинг тозалигини таъминлайди, зараркунандаларга қарши табиий курашни кучайтиради. Унинг асали, заҳри, сути прополиси, гулчанги кўпгина хасталикларга даво. Шунингдек, унинг муми саноатда муҳим хомашё ҳисобланади.
Соҳа вакилларининг таъкидлашича, бир килограмм асал ишлаб чиқариш учун кичик ва меҳнаткаш ҳашарот – асалари бир неча юз минглаб, тахминан 400 минг километр масофани босиб ўтади.
Инсонлар томонидан асаларичиликда шу пайтгача бирорта ҳам асалари зотлари яратилмаган. Шунга қарамасдан ҳар бир ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мослашган асалари зотлари бор.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА