Асаларичилик машаққатли касб (+видео)
Бир қарашда асалари парвариши осондек кўринади. Бироқ бу соҳанинг ўзига яраша сир-синоатлари бор. Уларни билмасдан туриб бу юмуш билан шуғулланмаган маъқул. Асаларичилик чиндан ҳам катта масъулият, тинимсиз меҳнат ва чуқур билим талаб қиладиган мураккаб соҳадир. Бу касб эгасидан нафақат табиатни тушунишни, балки ҳар бир асалари оиласининг ҳолатини доимий назорат қилишни талаб этади. Шу боис соҳа сирларини тажрибали асаларичидан билишни мақсад қилдик.
Бу борада билими бор, унинг сирларини яхши биладиган инсон учун асаларичилик кейинги йилларда тобора сердаромад соҳа бўлиб бормоқда. Бир қути асалари инидан ўртача 10 килограммгача асал олиш мумкин экан. Бу ҳозирги ўртача нарх 100 000 сўмни ташкил этган тақдирда, 10 қути асалдан 10 млн сўмдан ортиқ даромад деганидир. Албатта, асалнинг чўғи арининг турига ҳам боғлиқ. Ундан ташқари прополис, ари сути, она арининг ўзи, жиҳозлари, ари билан чақтириш хизматлари, хуллас эпласа барчаси катта даромад келтиради.
Асаларичилик сирларини яқинроқ билиш ва юртдошларимизга улашиш мақсадида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Хумсан қишлоғига йўл оламиз. Бу ерлар Угом тизмаси ғарбий чеккасининг жанубий-шарқий ёнбағирларида жойлашган бўлиб, Угам дарёси унинг ноёб табиатига ўзига хос бетакрорлик бағишлаган. Ҳудудда асаларичиликни йўлга қўйиш учун барча шароит бор. Ўсимлик дунёси ранг-баранг, иқлими юмшоқ, сувлари зилол.
Ушбу ҳудуддан макон қилган Ҳабибулла Убаев 20 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб, шу ерларга келади. Соҳада тўплаган тажрибаси, кўнгли дарё бўлганлиги туфайли эл-юрт орасида ҳурматга сазовор, доимий эътибордаги инсон. У кишидан бу йилги ҳосил чўғи ва асаларичиликдаги муаммолар ҳақида билиб олишга ҳаракат қилдик.
- Ҳабибулла ака, асаларичи нималарни билиши керак ва бугунги кунда бу соҳа вакиллари қандай муаммоларга дуч келмоқда?
- Чилла чиққанидан кейин 5-август куни асалларимизни олиб бўлдик. Ҳозирда қишга асаларини 15 кундан буён тайёрлашни бошладик. Интенсив боқиб келяпмиз. Ишловларни беришни бошладик, витаминларни кўпайтирдик. Она ариларимиз ҳозирда тухумга кириб қолган. Қишга тайёргарлик жараёнлари кетмоқда. Асал захираси ҳосил қилинади. Қишда ўртача бир оилага 10 кг асал зарур бўлади.
Асосий муаммоларимиз пестицидлар сепиладиган дала майдонлари. Ҳашаротларимиз тез заҳарланади. Чунки, улардаги рецепторлар жуда яхши ривожланган. Айниқса, пахта гуллаганда сепиладиган кимёвий воситалар уларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлади. Бундан ташқари ҳозирда деҳқонларимиз ҳам турли кимёвий воситаларни қўллаяпти. Биз фермерлар билан яқин ҳамкорликда ишлашимиз керак.
- Бу мавсумда бир асалари инидан қанча миқдорда асал олдингиз?
- Бир қутидан бу мавсумда 10 кг атрофида асал олдим. Жами 200 қутида асалари уялари бор.
- Асаларини қишдан олиб чиқиш учун нималарга эътибор қаратиш зарур?
- Ҳозир 20 кун ичида шаҳар атрофларига тушамиз. Сентябрнинг охиригача етарли озуқа билан таъминлаймиз. 15-ноябргача ари канасига қарши ишлов берамиз. Кузда қилинган парваришга қараб эрта баҳорда арилар ишчан ҳолатда чиқади.
<iframe width="640" height="350" src="https://www.youtube.com/embed/Q1PWOi6ow2Q" title="Asalarichilik mashaqqatli kasb" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, ЎзА