Сурхондарёда V Устозлар миллий форуми бўлиб ўтди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз давлат педагогика институтида “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” шиори остида V Устозлар миллий форуми бўлиб ўтди.
Форум доирасида ташкил этилган шўъба машғулотларида таълим тизимининг долзарб масалалари, янги ўқув йилига тайёргарлик, педагогларнинг касбий ривожланиши, замонавий таълим усулларини жорий этиш ва бошқарув самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, амалий тавсиялар билан танишди.
[gallery-31005]
Форумнинг якуний тадбирида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан 280 нафар педагог иштирок этди.
Таъкидланганидек, айни пайтда Сурхондарё вилоятидаги 978 та умумтаълим мактабида 555 минг 853 нафар ўқувчига 51 мингдан ортиқ ўқитувчи ва мураббий таълим-тарбия бермоқда. Олий тоифали педагоглар сони 5 минг 382 нафарга етган. Бу кўрсаткич сўнгги етти йилда қарийб тўрт баробар ошган.
Чет тилларини ўқитиш сифатини ошириш мақсадида вилоят мактабларига 65 нафар хорижий мутахассис жалб этилган. Шунингдек, 15 та мактабгача таълим ва 182 та умумтаълим муассасасида инклюзив таълим йўлга қўйилиб, 466 нафар бола қамраб олинган.
Тадбирда таълим тизимидаги фаоллиги, ташаббускорлиги ва соҳани ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ педагогларга вилоят ҳокимининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА