Асакада қарздор отадан 105 млн. сўм алимент пуллари ундирилди
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Aлиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинган.
Мазкур ҳужжат билан алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш асослари белгилаб берилган.
Қарор ижроси доирасида Асака туманида яшовчи ота фарзанди учун 18 ёшга тўлгунига қадар тўлаши керак бўлган алимент пулини аввалдан тўлаб қўйди.
Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Ш.Х.дан ундирувчи М.Р.нинг фойдасига вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Мажбурий ижро бюросининг Асака туман бўлими ходимларининг тушунтиришлари натижасида фарзандининг моддий таъминоти ва мажбуриятини англаган қарздор фарзандининг 18 ёшгача бўлган алимент пулларини собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда олдиндан тўлаб беришини маълум қилди.
Бюронинг давлат ижрочиси томонидан ҳисоблаб берилган 105 млн. сўм алимент пулларини собиқ турмуш ўртоғи тўлиқ олгандан сўнг ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қарздор отага нисбатан қўлланилган барча чекловлар бекор қилинди.