Асака адирларининг янги имкониятлари сайёҳларни ҳайратга солмоқда
Президент ташрифидан сўнг...
Давиде Ринальди билан йўл-йўлакай танишиб қолдим. Камина журналист, италиялик меҳмоннинг она юртим ҳақидаги фикрлари менга қизиқ. У эса сайёҳ. Андижон табиати ҳақидаги ҳикояларим унга ҳаммасидан қизиқ.
Хуллас, Давиде билан Андижон шаҳридан Асака кенгликларида ташкил этилган экотуризм мажмуасига қадар суҳбатлашиб кетдик.
– Мен сайёҳман, – дейди у адирликларнинг тоза ҳавосини ўпкасига тўлдириб олар экан. – Бугун бизга ўхшаган дунё кезувчилар фақат баланд меҳмонхоналар ёки тарихий ёдгорликларни кўриш билан чекланишни истамайди. Шахсан мен сокин табиат бағрида ҳордиқ чиқариш, қишлоқлар ҳаёти билан танишиш, табиий неъматларни бандидан узиб олишни хоҳлайман. Одамларда айнан шундай эҳтиёж ортаётгани ортидан дунёда экотуризм ва агротуризм йўналишлари шиддат билан ривожланмоқда, деб ўйлайман.
Яна унинг таъкидлашича, Италияда ҳам кўп йиллар олдин агротуризмни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус ҳужжат қабул қилинган. Мамлакат қишлоқларидаги фермаларда яшашни истайдиган сайёҳлар кўп экан. Улар узум йиғиш, пишлоқ тайёрлаш, таомлар пиширишда қатнашади. Айтишича, шу орқали италиялик фермерлар фақат ҳосил йиғишдан эмас, туристларга хизмат кўрсатишдан ҳам яхши даромад олади.

Машина Янги ҳаёт массиви ҳудудидаги 192 гектар майдонда барпо этилган “Узум боғи” мажмуасига етиб келди. Улов тўшалганига эндигина беш-олти ой бўлган асфальт йўлдан дўниб боряпти. Бу ҳув ўша баланд тепаликкача тўлғаниб-тўлғаниб етиб борган адирнинг кенг йўли. Атрофда ястанган бепоён токзорлар кишини тўлқинлантириб юборади.
Мазкур лойиҳа Президент топшириғи асосида Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан яратилди. Эътиборлиси, маскан табиат билан замонавий қулайликни бир жойга жамлагани билан одамлар тилига тез тушди.
Мажмуа баланд тепаликда жойлашгани боис бутун туман атрофи кафтдек кўринади. Бундай кенглик ва баландлик инсонга руҳий енгиллик, хотиржамлик бағишлайди.
– Яқинда давлатимиз раҳбари Андижон вилоятига ташриф буюрганларида бу ердаги шароитлар билан ҳам танишган эди, – дейди Агросаноатни ривожлантириш агентлиги директори Нурали Абдуллаев. – Бундай мажмуаларга шахсан Президентнинг ташриф буюргани мамлакатимизда экотуризм ва агротуризм йўналишларига эътибор қай даражада юқори эканини англатади. “Узум боғи” мажмуаси лойиҳасининг умумий қиймати 51,8 миллиард сўмни ташкил этади. Ҳудудда капсула шаклидаги дам олиш уйлари, миллий руҳни мужассам этган ўтовлар ўрнатилган. Муҳими, замонавий технологиялар ва миллий агротуризм муҳити мукаммал уйғунлашган. Ўттиз гектар майдондаги манзарали дарахтзор ва арчазорлар ҳудуд микроиқлимини мўтадил сақлаб туради. Оилавий ресторан, турли аттракционлар ва тунда масканга файз берадиган замонавий чироқлар дам олишни мазмунли қилади.
Лойиҳа имкониятлари сабабли 275 та доимий ва 200 та мавсумий иш ўрни яратилди. Шунингдек, боғда етиштириладиган узум маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган.
Келажакда бу ерда йилига 80 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиши ва маҳаллий бюджетга 3 миллиард сўм тушум бўлиши кутилмоқда. Шу йил якунига қадар тўлиқ ишга туширилиши кўзда тутилган бу мажмуа Андижондаги энг жозибадор саёҳат манзилларидан бирига айланади.

Туризмнинг бу йўналиши ҳудуд иқтисодиёти ва жамият учун ҳар томонлама фойда келтиради. Аввало, шаҳарлардан йироқда жойлашган чекка қишлоқларга ҳам янги ҳаёт нафаси кириб боради.
Шунингдек, экотуризм ва агротуризм табиатни, миллий қадриятларни асрашга хизмат қилади. Маҳаллий аҳоли табиатни асрашдан моддий фойда олишни бошлайди. Туристлар эса муайян ҳудуднинг ноёб урф-одатлари, ҳунармандчилиги ва миллий ошхонаси сақланиб қолишига сабабчи бўлади.
[gallery-31680]
Дунё тажрибасида бу борада ҳайратланарли муваффақиятга эришган мамлакатлар кўп. Ўзбекистонда шу йўналишда имконият ва табиий салоҳият жуда юқори. “Узум боғи” мажмуаси каби лойиҳалар эса Андижон вилояти майдони жиҳатидан ихчам бўлса-да, агро ва экотуризмни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга эканини кўрсатмоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири