Архив соҳасида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви
Пойтахтимиздаги Шон-шараф музейида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги директори иштирокида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди.
Архив соҳасидаги ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, ўз қобилияти ва истеъдодини рўёбга чиқаришига кўмак бериш мақсадида ташкил этилган тадбирда республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб бораётган 300 дан ортиқ ёш ходимлар иштирок этди.

Учрашувда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг ёшларимизга алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги туфайли соҳада мутлақо янги тизим яратилиб, ёшлар сиёсати маҳалла даражасигача туширилиб, ёшлар сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу кунларда агентлик раҳбарияти томонидан юртимиз бўйлаб «Раҳбар ва ёшлар» учрашувлари ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, бугунги кунга қадар Қашқадарё, Хоразм, Фарғона, Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Наманган, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида фаолият олиб бораётган ёш архивчилар билан учрашувлар ташкил этилди.
Учрашув давомида ёшлар томонидан соҳани ривожлантириш бўйича илгари сурилаётган инновацион ғоялар, ташаббуслар юзасидан берилаётган таклифлари кўриб чиқилди ва энг яхши 3 та таклиф ҳамда ғоя муаллифлари агентликнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Учрашувнинг иккинчи қисмида иштирок этаётган ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлари ва таклифлари билан раҳбарга юзланади ҳамда уларнинг ечимлари бўйича муҳокамалар ўтказилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА