Ариқларни инновацион усулда бетонлаш (+видео)
Деҳқончилик учун сарфланаётган сув захиралари йилдан-йилга камайиб бораётгани туфайли ундан тежаб-тергаб фойдаланиш вазифасини қўяр экан, Ўзбекистон Республкаси Президенти Шавкат Мирзиёев “2024 йилни каналларни бетонлаш зарбдор йили” деб эълон қилган эди. Бугун мамлакатнинг барча вилоятларида Президент топшириғи амалга оширилмоқда. Канал қирғоқларини ва остини бетонлашга 676 миллиард сўм маблағ ажратилди. Жами 550 километр узунликдаги каналлар бетонлаштирилмоқда.
Фермерлар ҳам қараб тургани йўқ. Улар ички ариқларни ўз даромадларидан бетонлаштиряпти. Шу йилнинг ўзида у 25 минг километрга етиши лозим.
Фарғоналиклар, нафақат улар, мамлакат тадбиркорлари “Сайқал” хусусий корхонаси рахбари Абдураҳмон Ниёзовни яхши танишади. Бир пайтлар тошдан қоғоз ишлаб чиқарган ҳам шу тадбиркор эди. Мана энди у ариқларни бетонлашнинг инновацион услубини жорий этди. Хитойдан самарадор технология келтириб ўрнатди ва қуруқ бетон тўшамаси ишлаб чиқара бошлади. Бу янгилик билан танишиш мақсадида Фарғонага мамлакат ирригация, сув таъминоти, фермер хўжаликлари мутахассислари йиғилдилар. Мақсад – сув тежайдиган янги усулдаги бетон қопламалар тажрибасини ўрганиш эди.

–Таркиби цемент, қум, полимер ва кимёвий қўшилмалардан иборат, – дейди “Сайқал” хусусий корхонаси раҳбари Абдураҳмон Ниёзов. –Буни ишлаб чиқариш жараёнида игна билан қавилган. 1 квадрат метрга 7000 бор игна урилади ва “Фарбетон”ни қавийди.
Эни 1,5 метр, узунлиги буюртмачининг талабига кўра бўлади. 50 йил давомида ишлашига кафолат берамиз.
Тадбиркор бетон тўшамасини тажриба майдонидаги ариққа қоплаб кўрсатди. Жуда оддий, бир неча дақиқада икки киши бир неча метр ариққа қуруқ бетон тўшамасини қоплади.

–Ариқнинг тепасига қопланади. Икки ёни 10 сентиметрдан кўмилади. Сўнг бир кеча – кундуз давомида 3 марта сув сепилади. Шундан кейин бетонариқ тайёр бўлади ва ундан сув оққизиш мумкин.
Илгарилари 1 километр ички ариқларни бетонлаштириш учун 6-8 кун вақт сарфланар, 250 кубометр бетон талаб этилган. Камида 2 нафар мутахассис ва 8 нафар ишчи меҳнат қилган. Харажат эса 172 миллион сўмга етган. Энди, янги усулда, 1 километр узунликдаги 0,7 метркуб сув ўтказувчи ички ариқларни қуруқ бетон қопламаси учун атиги 3 кун вақт, икки нафар ишчи ва энг кўпи билан 130 миллион сўм маблағ керак.
Бундай усулдаги бетонариқнинг яна бир афзаллиги шундаки, уни йилнинг исталган фаслида амалга ошириш мумкин. Бор йўғи икки кунда интенсив усулдаги бетонариқдан далага керакли миқдордаги сувни олиш мумкин.

Энг муҳими бу – сувни тежаш бўлиб, ички ариқларда интенсив усулда бетон қопламаси ётқизилганда сувдан фойдаланиш коэффициенти 95 фоизга етказилади, сувнинг оқим тезлиги ортади.
–Бу ерга Наманган вилоятининг барча туманларидаги фермерлар вакиллари келишган. Арзон ва узоқ муддат хизмат қиладиган материал экан. “Фарбетон” фермерларга мақул келгани учун кўплаб шартномалар қилдик, – дейди Норин-Сирдарё ҳавзаси бошқарма бошлиғининг ўринбосари Баҳодир Бекхўжаев. – Шунинг учун ҳам биз Наманган вилоятида бу материалдан кенг кўламда фодаланишни мўлжаллаяпмиз. Аввало вилоятнинг барча фермерлари учун бу ерда бўлгани каби семинар ташкил этамиз.
Фарғонадаги семинарнинг яна бир афзаллик томони шунда бўлдики, унинг иштирокчилари “Сайқал” хусусий корхонаси билан янги усулда ички ариқларни бетонлаш маҳсулоти–қопламалар учун катта буюртмалар бердилар.

–Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидан келдим. 72 гектар ерим бор. Фермер хўжалигим Зафаробод туманининг энг четида, сув ҳам охирида борадиган ерлар, – дейди фермер Зафар Исматов. – Шунинг учун сув бориши анча мушкул ва узоқ вақт ўтади. Фарғонада янги усулдаги бетонариқ билан танишдик. Ҳозирча 150 метрга етадиган миқдордаги тушалма сотиб олиш ҳақида шартнома имзоладик. Худо хоҳласа шу мембранани ариқларимизга қопласак ерларимизга сув келиши тезлашади. Агар у амалда ўзини оқласа, яна 1 километр ички ариқларни ҳам шу усулда қоплайман.
Яна бир янгиликни ҳам айтмоқчимиз. Фарғоналик тадбиркор 36 та ғалтакдаги симдан ўқ ариқларга кўчма тўғон ясайдиган тўқима ишлаб чиқаряпти. Унинг ёрдамида исталган шакл ва ўлчамдаги тоштўғонлар ясаб, ўқариқлардаги сув оқимини бошқариб туриш мумкин бўлади.
Бундай усул ва маҳсулотлар шубҳасиз мамлакатимиз деҳқончилигида сувдан тежаб-тергаб оқилона фойдаланишда кутилган самараларни беради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/V0bdNWgPJuw" title="beto'n qoplama Эксперт" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА