Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги давом этмоқда
Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар барчанинг тинч, фаровон, обод турмушга шукроналик ҳиссини, фахр туйғусини янада юксалтирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказилаётган очиқ эшиклар кунлари, фестиваль, учрашув ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар барчанинг тинч, фаровон, обод турмушга шукроналик ҳиссини, фахр туйғусини янада юксалтирмоқда.
Ўзбекистон Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий қисмида муддатли ҳарбий хизмат бурчини шараф билан ўтаётган хоразмлик аскарлар ва уларнинг ота-оналари, қариндошлари учун ташкил этилган телемулоқот ҳам иштирокчиларга бир олам завқ улашди.
Тадбирнинг Термиз шаҳридаги студиясида сўзга чиққанлар Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро каби қўрқмас, ботир зотларни камолга етказган Хоразм воҳаси ва мард, жасур ўғлонларни улғайтираётган оналарга миннатдорлик изҳор этди. Ҳарбий қисмда аскарларнинг жисмонан ва маънан тобланиши учун яратилган шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ҳаяжонли онларга бой бўлган телемулоқотда ота-оналари, яқинлари билан экран орқали дийдорлашган аскарлар муддатли ҳарбий хизмат даврида эришаётган ютуқлари, қадимий Термиз шаҳрида юз бераётган ўзгаришлар ва бу ерда олаётган таассуротлари ҳақида сўзлаб берди.
Хоразмдаги студиядан соғинч ҳисси билан аскарларга юзланган ота-оналар ва аскарларнинг яқинлари жанубдаги воҳада йигитлик бурчини бажараётган ўғлонлар билан фахрланишини алоҳида таъкидлаб, ҳудуддаги янгиланишлар хусусида сўз юритди. Хизмат бурчини аъло даражада ўтаётган ўғлонларнинг ёруғ юз билан бағриларига қайтишларини тилаб, дуога қўл очди.
***
Мамлакатимизда ўтказилаётган Ватанпарварлик ойлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Сурхондарё академик лицейида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.Исмоилов сўнгги йилларда Миллий армиямизда юз бераётган янгиланишлар Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ҳамда халқ ва Қуролли Кучларимиз якдиллигини таъминлашда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таькидлади. Бу жараёнда ўз бурчига содиқ профессионал мутахассисларни тайёрлашга эътибор янада кучайтирилгани қайд этилди.
Тадбирда Ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилди. Бўлажак осойишталик посбонларига вилоят ички ишлар бошқармаси ва соҳавий хизмат ходимлари, ҳарбий хизматчилар жанговар кўргазмали чиқишларини намойиш этди.
***
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Марказ ҳузуридаги “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Тошкент шаҳар Олмазор туман ҳокимлиги ҳамкорлигида Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган ҳарбий қисмда “Ватанимга таянчман” мавзусида маънавий-маърифий байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг ўринбосари А.Юсупов, Олмазор тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси О.Арипова ва бошқалар мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани хусусида сўз юритилди.
Тадбирда мамлакатимиз қуролли кучлари тизимида хизмат қилаётган ўғлонлар, ҳарбийларнинг ота-оналарига миннатдорлик билдирди.
Миллий гвардиянинг бир қатор ходимлари диплом, эсдалик совғалари ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан китоблар билан тақдирланди.