Ҳарбий хизматчилар муддатидан олдин овоз берди
Жорий йилнинг 22 декабрь куни парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларни юқори савияда ташкил этиш учун Сурхондарё вилоятида пухта ҳозирлик кўрилди.
Жорий йилнинг 22 декабрь куни парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларни юқори савияда ташкил этиш учун Сурхондарё вилоятида пухта ҳозирлик кўрилди.
Муҳим сиёсий кампанияни уюшқоқлик билан ўтказиш учун 785 сайлов участкаси Сайлов кодексига мувофиқ жиҳозланиб, сайловчилар ва комиссия аъзолари учун барча шароит яратилди.
– Сайлов қонунчилигида сайлов куни ўз яшаш манзилида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчиларнинг муддатидан олдин ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши алоҳида белгилаб қўйилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи, халқаро матбуот маркази Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари С.Саломов. – Уларнинг бу ҳуқуқлари Сайлов кодексининг 57-моддасида ўз ифодасини топган. Сайловчилар учун яратилган мазкур имконият ҳам кенг тарғиб қилиниб, аҳолига тушунтирилди. Сайловга ўн кун қолганда муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти тегишли округ сайлов комиссияси томонидан белгиланиб, оммавий ахборот воситалари орқали кузатувчилар эътиборига етказилди.

Айни кунларда сайлов куни ўз яшаш ҳудудида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар муддатидан олдин овоз бериб, хоҳиш-иродасини эркин билдирмоқда.
Маълумотларга кўра, муддатидан олдин овоз бериш бошланганидан буён вилоятдаги сайлов участкаларига 3 минг 204 сайловчи сайлов куни ўз яшаш ҳудудида бўлолмаслигининг сабаблари кўрсатилган ариза билан мурожаат этган. Уларнинг бу аризалари қаноатлантирилиб, ёпиқ овоз бериши учун қулай имконият яратилди.
Муддатидан олдин ўз ҳоҳишини эмин-эркин билдираётганлар сафида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва бошқа фуқаролар бор.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 74-Термиз сайлов округига қарашли 257-сайлов участкасида Ўзбекистон Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармасининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари ҳам муддатидан олдин овоз бериб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш учун воҳанинг чекка ҳудудларига хизмат сафарига йўл олди.
– Сайлов куни жамоат тартибини сақлаш, жойларда осойишталикни таъминлаш учун туманлардаги тегишли сайлов участкаларига бириктирилган 70 нафар ҳарбий хизматчимиз муддатидан олдин овоз берди, – дейди участка сайлов комиссияси раиси, подполковник Ф.Усмонхўжаев. – Бунинг учун улар Сайлов кодексида белгиланганидек, сайлов бюллетени олиб, участка комиссияси аъзолари ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо чекди. Бюллетенни махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида тўлдириб, қарор қабул қилгач, ёпиқ конвертда топширди. Унинг елимланган жойига икки нафар аъзомиз имзо қўйгач, комиссия муҳри ҳамда овоз берувчининг имзоси билан тасдиқлаб, махсус қутига жойлаштирдик.
Вилоятда муддатидан олдин овоз бериш сайловга уч кун қолганида якунланади.