Арарат Мирзоян: Арманистоннинг КХШТда қолиши имконсиз
Арманистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)да қолиши имконсиз, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян КХШТ собиқ бош котиби Николай Бордюжанинг Арманистон ташкилотдан чиқариш зарурлиги ҳақидаги баёнотига изоҳ берар экан.
– Тузилмадаги иштирокимиз анчадан бери тўхтаган, аъзолигимиз музлатилган, – деди Мирзоян журналистларга. – Котибиятнинг бошқа аъзолари изоҳи ҳам беҳуда. Биз ёндашувимизни ўзгартирмаймиз ва КХШТга қайтиш имкониятини кўрмаяпмиз.
Бордюжа “РИА Новости” агентлигига берган интервьюсида Арманистон ташкилот фаолиятида қатнашмаётгани, шунга қарамай барча қарорларни мувофиқлаштиришда иштирок этаётганини таъкидлади.
Унинг фикрича, Ереван учун тўғри йўл КХШТдан бутунлай чиқиб кетиш, акс ҳолда мамлакат жамоадан чиқариб юборилиши керак.
КХШТ таркиби Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан иборат. Гарчи, Низомида кўзда тутилмаган бўлса-да, Арманистон 2024 йил аъзолиги “музлатилишини” эълон қилган. Қолаверса, Ереван ташкилотга аъзолик бадалини ҳам тўламай қўйган.
Аввалроқ КХШТ бош котиби Талатбек Масодиқов Арманистонни тузилмадан чиқариш масаласи 2026 йил 11 ноябрь куни Москвада бўлиб ўтадиган КХШТ Кенгаши йиғилишида кўтарилиши мумкинлигини айтган. Унинг фикрича, республика Низомнинг 20- ва 25-бандларини бузиб келяпти.
С.Раҳимов, ЎзА