Ҳар бир ўқитувчи ўзгаришни ўзидан бошламоқда
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида 2019-2020 ўқув йилида амалга ошириладиган ишларга бағишланган анъанавий август кенгаши бўлиб ўтди.
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида 2019-2020 ўқув йилида амалга ошириладиган ишларга бағишланган анъанавий август кенгаши бўлиб ўтди.
“Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ўтказилган мазкур ўқув-семинарда сўзга чиққанлар мамлакатимизда таълим сифатини ошириш борасидаги ислоҳотлар ўзининг ёрқин самарасини бераётганини таъкидлади.
Кейинги икки йил мобайнида халқ таълими тизимида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, педагог кадрлар обрўсини ошириш, уларнинг моддий-маънавий ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Ўқитувчиларнинг иш ҳақи ошди, қўшимча рағбатлантириш тадбирлари кўрилмоқда.
– Янги ўқув йили “Таълимда ислоҳот: ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик” шиори остида ўтиши барчамизга янада катта масъулият юклайди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи М.Турдиматов. – Бугунги кунда вилоятимиздаги 920 умумтаълим мактабида 623 минг 636 ўқувчига 45 мингдан зиёд педагог таълим-тарбия бермоқда. Ўтган ўқув йили Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат, Ёзёвон ҳамда Бувайда туманларида фанларни чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиб, иқтидорли ўқувчилар қабули амалга оширилди. Ўқувчиларимиз турли танлов ва мусобақаларда ҳам муносиб ўринларни эгаллади. Инвестиция дастури доирасида жорий йилда вилоятда 7 янги мактаб қурилиши, 13 мактабда капитал реконструкция ва 11 мактабда капитал таъмирлаш ишлари кўзда тутилган бўлиб, бу ишлар тўлиқ якунланди.
Анжуманда янги ўқув йилида педагоглар олдида турган муҳим вазифалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, таълим сифатини юқори босқичга кўтариш, педагогик жамоаларда ижодий муҳитни янада яхшилаш, дарс жараёнига инновацион технологияларни кенг жорий этишга алоҳида аҳамият қаратилади. Бошланғич таълимда интерактив таълим муҳити, фанларни ўқитишда инновацион ёндашув кабиларда илғор тажрибаларни оммалаштириш алоҳида эътиборда бўлди. Тошлоқ туманидаги умумтаълим мактабларида Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш борасидаги ишлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.