АҚШдаги хусусий университетлар вакиллари Самарқандда
Глобал таълим консорциуми (CGE – Consortium for Global Education) президенти Каролин Бишоп хоним бошчилигидаги ташкилотга аъзо университетлар вакилларидан иборат делегация Самарқандда бўлди.
CGE нотижорат халқаро ташкилот бўлиб, АҚШнинг 20 дан ортиқ штати, шунингдек, дунёнинг ўндан зиёд мамлакатида жойлашган хусусий университет ва коллежларни қамраб олган. Консорциум 1987 йилда Атланта (АҚШ)да аъзо университетлар ўртасида малака ошириш ва касбий тажриба алмашиш орқали сифатли халқаро таълимни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Ўтган йили фаолият бошлаган Самарқанд халқаро технология университети Марказий Осиё ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари университетлари орасида Глобал таълим консорциумига аъзо бўлган ягона вакил ҳисобланади.

Илк бор юртимизга келган мазкур консорциум делегацияси Самарқанд халқаро технология университети фаолияти билан яқиндан танишди. Профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан учрашди. Шунингдек, мулоқот давомида CGE вакиллари мазкур ташкилот фаолияти, халқаро дастурлар ҳамда академик алмашинув имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Учрашувда талабалар халқаро алмашинув ҳамда Work&Travel дастурлари, консорциум томонидан ажратиладиган грантлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга меҳмонлардан жавоб олди.

Консорциум раҳбарияти Самарқанд халқаро технология университетида ўқитиладиган турли дастурларни сертификатлаш, кейинги ўқув йилидан бошлаб эса MBA дастурини очишда амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Халқаро сертификатга эга бўлиш университет битирувчилари учун янги имкониятлар очиши таъкидланди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири