АҚШда “туғилиш туризми”га чеклов: Трамп янги фармонларни имзолади
АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакат ҳудудида туғилган чақалоқларга бевосита фуқаролик бериш тартибини чеклашга қаратилган навбатдаги фармонни имзолади. Айни чора айнан фарзанд дунёга келтириш ва шу орқали АҚШ фуқаролигини қўлга киритиш мақсадида келувчилар, яъни “туғилиш туризми”га барҳам беришга қаратилган. Бу ҳақда Оқ уй маъмурияти раҳбари ўринбосари Стивен Миллер ҳужжатни имзолаш маросимида маълум қилди.
Трамп таъкидлашича, амалдаги тизим айрим шахслар томонидан тижорий манфаат йўлида суистеъмол қилинмоқда ва бу ҳолатга чек қўйилиши зарур. Чеклов тўғридан-тўғри фуқаролик олиш ҳуқуқидан маҳрум этиладиган шахслар доирасини кенгайтиради. Масалан, Америкага рақиб ҳисобланган мамлакатлар вакиллари, халқаро террор ташкилоти аъзолари ҳамда хорижий ҳукуматлар манфаати учун хизмат қилувчи шахслар фарзандига фуқаролик бериш тартиби қайта кўриб чиқилади.
Имзоланган ҳужжатлар орасида айрим тоифали шахслар фарзандига туғилиш фактининг ўзи билан фуқаролик берилмаслигини назарда тутувчи алоҳида фармон ҳам бор. Маълумки, мамлакатда туғилганларга фуқаролик бериш ҳуқуқи Конституциянинг 14-тузатмаси билан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу боис, Трамп маъмурияти томонидан илгари сурилаётган ушбу чеклов ва сиёсий ташаббуслар навбатдаги жиддий ҳуқуқий баҳс ҳамда суд жараёнини келтириб чиқариши кутиляпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА