АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик яна кучайди
Қўшма Штатлар ва Эрон ўртасидаги ҳарбий тўқнашув иккинчи кун ҳам давом этмоқда. “Reuters” агентлиги хабар қилишича, Вашингтон яна ҳаводан зарба берган, Теҳрон ҳам АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий объектларига жавоб ҳужумини амалга оширган.
Маълум қилинишича, можаронинг янги босқичи ҳафта бошида Ҳурмуз бўғози яқинида Американинг “Apache” ҳарбий вертолёти уриб туширилгандан кейин бошланган. Шундан сўнг томонлар бир-бирига қарши зарба йўллаган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги берган маълумотга кўра, навбатдаги ҳужумда Эроннинг ҳарбий кузатув тизими, алоқа инфратузилмаси ва ҳаво мудофааси объектлари нишонга олинган. Вашингтон бу амалиётни Ислом Республикасининг давом этаётган тажовузкор ҳаракатига жавоб сифатида баҳолаган.
Президент Дональд Трамп Эрон зудлик билан келишувга рози бўлмаса, ҳужум яна давом этишини билдирди. Унинг сўзларидан кейин жаҳон нефть бозорида нарх кескин ошди.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Баҳрайнда жойлашган АҚШ Бешинчи флотига зарба берди. Шунингдек, Иорданиядаги “Ал-Асроқ” авиабазасига баллистик ракета учирилган.
Баҳрайн Ички ишлар вазирлиги ҳавода йўқ қилинган дрон парчаси тушиши оқибатида бир неча уй ва автомобилга зарар етгани, 11 ёшли қиз енгил жароҳат олганини қайд этди. Кувайт эса Эрон ҳужуми туфайли қисқа муддатга ўз ҳаво ҳудудини ёпган. Бундан ташқари Теҳрон Ҳурмуз бўғози орқали ҳаракатланадиган кемаларга қарши ўт очилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. АҚШ Марказий қўмондонлиги эса бўғоз ёпилмагани, тижорат кемалари ҳаракати давом этаётганини айтди.
Ливанда ҳам тўқнашув давом этяпти. Исроилнинг мамлакат жанубига берган ҳаво зарбаси оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлган. “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Исроил кучларига қарши яна бир ҳужум амалга оширганини маълум қилди.
Д.Ҳакимов, ЎзА