АҚШ Украина бўйича режасини вақтинча тўхтатди
АҚШ шу ҳафта Европадаги иттифоқчилари билан музокара ўтказиш учун Россия– Украина урушини тугатиш режаси устида ишлашни тўхтатди, деб ёзди Британиянинг “The Telegraph” нашри.
Қайд этилишича, Трампнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог европалик дипломатларга мазкур режа қай шаклда бўлиши лозимлиги, бошқа ҳукуматлар жараёнга қандай ҳисса қўшиши мумкинлигини билиши кераклигини айтган. Мулоқот НАТО мамлакатлари Бош вазирлари ва Президентлари иштирокида кечиши таъкидланган. Бу Вашингтон айримларни музокарадан четлатиши мумкинлиги тўғрисидаги хавотирнинг олдини олади.
Шунингдек, келишув режаси тафсилоти ҳафта охирида, Мюнхен хавфсизлик конференциясида тақдим этилиши айтилган. Келлог европалик ҳамкорларни Вашингтон Россия билан ҳар қандай музокарада Украина позициясини мустаҳкамламоқчи эканига ишонтирган.
“Блумберг” агентлиги АҚШ яқин бир неча ҳафта ичида Россия – Украина можаросига барҳам беришнинг қатор йўлларини ошкор қилади, деб ёзди.
Маълумотга кўра, Келлог хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида, шунингдек Киев ва Европадаги пойтахтларга ташрифи чоғида расмийлардан маълумот ва фикр тўплаш ниятида. Бу таклифлар Трампга Владимир Путин ва Владимир Зеленский билан тўғридан-тўғри музокара ўтказиш учун замин яратиши кутиляпти.
Махсус элчи Европа етакчилари билан тинчлик келишувини қўллаб-қувватлаш учун хавфсизлик масаласида етакчилик қилишга тайёрлигини билдиради.
Келлог бу галги учрашувда ҳам иттифоқчиларни мудофаа харажатини оширишга чақириши мумкин. Зеро, бу талабни Трамп қайта-қайта тилга олган. Европалик ҳамкорлар билан муҳокама қилинадиган мавзулар орасида РФ энергетика секторига босимни кучайтириш, Россиянинг музлатилган маблағидан фойдаланиш ҳам бор.
Маълумки, АҚШ етакчиси Украина муаммосини сайлов олди кампаниясида ўзининг асосий шиорларидан бирига айлантирган эди. Тўғри, Трамп ҳозир ҳам бу масала Оқ уй ташқи сиёсатидаги устувор йўналиш эканини яширмаяпти. Путин билан тез орада дастлаб телефон орқали суҳбатлашиш, кейинроқ учрашиш режаси борлигини бот-бот такрорлаяпти. Бошқа томондан Россия – Украина зиддияти тез ва осон ҳал бўлмаслиги ҳам аёнлашаётгандек: қуролли қарама-қаршилик шиддати сусаймаяпти.
14-16 февраль кунлари Германиянинг Мюнхен шаҳрида 61-Хавфсизлик конференцияси бўлиб ўтади. Украина Президенти Владимир Зеленский анжуманда АҚШ вице-президенти Жей-Ди Вэнс ва Трамп жамоасининг бошқа вакиллари билан учрашув ўтказишини маълум қилди. Тадбир олдидан Қўшма Штатлар ҳукуматидан бир неча жиддий шахс Украинага бориши ҳам айтиляпти.
Мюнхен конфренециясида турли давлатлардан юқори мартабали ҳукумат амалдорлари ташқи сиёсат соҳасидаги долзарб муаммолар ҳамда Россия – Украина ва Яқин Шарқ можароларини муҳокама қилади. Анжуман доирасида Катта еттилик ташқи ишлар вазирлари учрашуви ҳам бўлиб ўтади.
Куни кеча Дональд Трамп “Fox News” телеканалига берган интервьюсида тинчликка эришиш жараёни ижобий босқичга кирганини таъкидлади:
– Охирги ҳафта сезиларли ютуқларга эришдик. Биз руслар ва украиналиклар билан ишлаяпмиз. Умид қиламизки, муаммо ҳал этилади.
С.Раҳимов, ЎзА