АҚШ Россияни Шимолий Корея ишчиларидан фойдаланишда айблади
АҚШ Давлат департаменти РФ БМТ санкциясини бузган ҳолда Шимолий Корея ишчиларини қабул қилишда давом этаётганини маълум қилди. Кўп томонлама санкцияни мониторинг қилиш гуруҳи маълумотига кўра, 2025 йил охирига келиб Россияда 15 000-30 000 КХДР фуқароси бўлган.
Ҳисоботда баъзи шимолий корейслари Россияда ҳарбий дрон ишлаб чиқараётгани, расмийлар бу ҳолатни яшириш учун талаба визасидан фойдаланаётгани таъкидланган.
Татаристоннинг Олабуға шаҳридаги дрон ишлаб чиқариш корхонасида 25 000 атрофида шимолий кореялик ишчи ишлаётгани қайд этилган.
– 2025 йил Россия Федерацияси Олабуға махсус иқтисодий ҳудудида чет элликлар, жумладан КХДРдан келган ишчиларни жойлаштириш учун йирик турар-жой мажмуаси қурилиши якунланди, – дейилган хабарда.

Ҳар бир шундай ишчи Пхеньянга йилига ўртача 7 500 доллар даромад келтиради. Шимолий Корея ҳукумати ушбу даромаднинг 80-90 фоизини ўзида қолдиради.
Маълум қилинишича, шимол корейслари РФда асосан қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа мураккаб бўлмаган ишлаб чиқариш тармоқларида банд қилинган. Қурол ва металлургия заводлари, кемасозлик мажмуалари каби муҳим объектларда эса 1000 га яқин КХДР фуқароси ишлайди.
Кўп томонлама санкцияни мониторинг қилиш гуруҳи аъзолари хулоса сифатида БМТ Хавфсизлик кенгашини Шимолий Кореяга қарши санкция бўйича эксперт гуруҳининг аввалги таркиби ва шаклида қайта тиклашга чақирган.
Шунингдек, мамлакатлар Пхеньяннинг санкциядан қочиш усулларини аниқлашда давом этишини маълум қилган.
С.Раҳимов, ЎзА