АҚШ “Роснефть” ва “Лукойл”ни нишонга олди
Қўшма Штатлар етакчиси Дональд Трамп Россиянинг энг йирик икки нефть компанияси — “Роснефть” ва “Лукойл”га қарши янги санкциялар жорий этди, деб хабар бермоқда “BBC” нашри.
– Ҳар сафар Путин билан гаплашаман, суҳбат яхши ўтади, аммо ҳеч қандай натижа бўлмайди, — деди Трамп.
Янги санкциялар эълони Трампнинг Будапештда Путин билан режалаштирилган учрашуви бекор қилинганидан бир кун ўтиб янгради. АҚШ ғазначилик котиби Скотт Бессент бу чорани “РФнинг зиддиятни тўхтатишдан бош тортгани” билан изоҳлади.
– Бу нефть компаниялари Кремлнинг низо машинасини молиялаяпти. Энди дарҳол ўт очишни тўхтатиш вақти келди, -деди у.
Буюк Британия ҳам яқинда Россиянинг мазкур нефть компанияларига қарши шунга ўхшаш санкциялар жорий қилган эди. Европа Иттифоқи эса РФ суюқ газини импорт қилишни тақиқлаган 19-пакет санкцияни тасдиқлади.
Расмий Москва бу чораларни “энергетика хавфсизлигига зарба” деб атаб, санкциялар мулоқотни мураккаблаштириши ва кескинликни ошириши билан изоҳлади.
Маълумот ўрнида: РФ кунига 3,1 миллион баррель нефть экспорт қилади, бу глобал ишлаб чиқаришнинг қарийб 6 фоизини ташкил этади. Асосий харидорлари — Хитой, Ҳиндистон ва Туркия. Трамп ушбу давлатларни ҳам Россия нефтини сотиб олишни тўхтатишга чақирган.
Мусулмон Зиё, ЎзА