АҚШ Конгрессида «Ўзбекистон куни» ўтказилди
АҚШ Конгрессида Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси томонидан мамлакатимиз билан ҳамкорлик бўйича кокус аъзолари билан ҳамкорликда «Ўзбекистон куни» ташкил этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси, АҚШнинг Республикачилар партияси ва Демократик партияси вакиллари, сенаторлар ва конгрессменлар, Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус ҳамда Марказий Осиё бўйича кокус ҳамраислари, Американинг етакчи компаниялари, дипломатик ва эксперт доиралари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
С.Сафоев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбир иштирокчиларга йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Мурожаатда янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ортга қайтмас тус олгани таъкидланиб, АҚШ билан стратегик шерикликни изчил ривожлантириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилган. Олий даражадаги мунтазам ва яқин мулоқот икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлаётгани алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокуснинг ҳамраиси, конгрессмен Трент Келли Президент Шавкат Мирзиёевга АҚШ Конгрессидаги «Ўзбекистон куни» иштирокчиларига йўллаган мурожаати учун миннатдорлик билдирди. Марказий Осиё бўйича кокус ҳамраиси, сенатор Стив Дейнс эса мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотларни юқори баҳолади.
Тадбир америкалик қонун чиқарувчилар, ишбилармон доиралар ва экспертларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга катта қизиқиш билдираётганини яна бир бор намоён этди.
Н.Абдураимова,
ЎзА