АҚШ Конгрессида Ўзбекистон куни бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 19 ноябрь куни АҚШ Конгрессида мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон бўйича кокус аъзолари билан ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбекистон куни бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон делегацияси, Республикачилар ва Демократик партиялардан сенаторлар ва конгрессменлар, жумладан, Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё бўйича кокуслар ҳамраислари, Америка–Ўзбекистон савдо палатаси раҳбарияти, АҚШнинг етакчи компаниялари, дипломатик ва эксперт доиралари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди. Мурожаат катта эътибор билан тингланиб, ниҳоятда самимий кутиб олинди. Унда давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ортга қайтмас тус олганини таъкидлаб, АҚШ билан стратегик шерикликнинг муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди. Олий даражадаги мунтазам ва яқин мулоқот икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлагани қайд этилди.

С. Сафоев ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар натижаларига батафсил тўхталди. У 2017 йилдан буён мамлакат иқтисодиёти уч баробар ўсгани, жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми эса 150 миллиард доллардан ошганини таъкидлади. Камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 3,9 фоизга тушди.
Шундан сўнг бўлиб ўтган муҳокама давомида иштирокчилар Ўзбекистон–АҚШ муносабатлари стратегик манфаатлар муштараклиги асосида ривожланаётганини қайд этдилар. Бу эса АҚШда маъмуриятлар алмашиши ва сайлов жараёнларидан қатъи назар, ҳамкорликни изчил кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов бугунги кунда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп савдо, инвестициялар ва технологияларга устувор эътибор қаратиб, икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бераётганини таъкидлади.
Унинг фикрича, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини илгари суриш ва узоқ муддатли ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш шерикликнинг пухта иқтисодий асосини шакллантириш ҳамда келгуси ўн йилликлар давомида унинг барқарорлигини таъминлаш имконини беради.

Ўзбекистон бўйича кокус ҳамраиси, конгрессмен Трент Келли Ўзбекистон Республикаси Президентига АҚШ Конгрессидаги Ўзбекистон куни иштирокчиларига йўллаган илк мурожаати учун самимий миннатдорлик билдирди. “Аввало, келажакни стратегик жиҳатдан теран англайдиган, қисқа вақт ичида мамлакатингиз тараққиётида улкан юксалишга эришган атоқли етакчи — Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик билдирмоқчиман”, — деди у.
Марказий Осиё бўйича кокус ҳамраиси, сенатор Стив Дейнс ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни юксак баҳолади.

Унинг таъкидлашича, “Ўзбекистон кенг кўламли янгиланиш даврини бошдан кечирмоқда, АҚШ билан муносабатлар эса мисли кўрилмаган юксак даражага етди. Мамлакат юксалиш йўлидан бормоқда ва унинг ривожланиш истиқболлари ниҳоятда порлоқ. Агар бугун бирор мамлакатнинг акцияларини сотиб олишни режалаштираётган бўлсангиз, Ўзбекистонни танлашингиз керак. Тошкентга анчадан бери келмаганларга бу шаҳарга яна ташриф буюришни қатъий тавсия этаман. Бугун Тошкент бутунлай янги қиёфа касб этган. Янги Тошкент бевосита кўз ўнгимизда барпо этилмоқда ва бунинг ўзиёқ ушбу ажойиб мамлакатни қандай келажак кутаётганидан яққол далолат беради”.

2025 ва 2026 йилларда Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Кэрол Миллер мамлакат билан бевосита танишиш амалга оширилаётган ўзгаришлар кўламини тўлиқ баҳолаш имконини беришини қайд этди. “Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатлар ҳеч қачон ҳозиргидек яхши бўлмаган. Бу — шубҳасиз ҳақиқат. АҚШ ишончли дўстлар изламоқда. Ўзбекистон эса ана шундай дўстлардан биридир”, — дея хулоса қилди у.
Америка–Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм саноат, авиация, энергетика ва технология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини таъкидлади.

У Самарқандда ўтказилган бизнес-форумнинг муҳим аҳамиятини алоҳида қайд этди. Мазкур форум Ўзбекистон–АҚШ иқтисодий алоқалари аввалги давр билан қиёслаб бўлмайдиган, сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилганини намоён этди. 2017–2025 йилларда Ўзбекистонга АҚШдан 2,9 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитлар жалб этилгани қайд этилди. “Биз Ўзбекистоннинг тармоқлари диверсификация қилинган, жадал ривожланаётган иқтисодиётни барпо этишга интилаётганини кўриб турибмиз”, — деди у.
Умуман олганда, мазкур тадбир АҚШда Ўзбекистонга катта сиёсий эътибор қаратилаётганини, америкалик қонун чиқарувчилар ва ишбилармон доиралар икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини намоён этди.
ЎзА