Иордания нашри Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятига бағишланган китобни эътироф этди
Иорданиянинг “Akhbar Huna Al Alam” нашри Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқаруви ва халқаро сиёсатдаги фаолиятига бағишланган китоб ҳақида мақола эълон қилди.
“Шавкат Мирзиёев — жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби” номли китоб 2024 йилда Тошкентдаги “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган. 428 саҳифадан иборат асар Абдурашид Жўрабоев ва Маъруфжон Усмонов томонидан тайёрланган.
Мақола муаллифи, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, профессор Комилжон Раҳимов китоб мазмуни ва унда келтирилган халқаро эътирофларга алоҳида тўхталган.
Нашрда қайд этилишича, асарда 2017 йилдан бошлаб юртимизда амалга оширилган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, таълим, илм-фан ва рақамли технологияларни ривожлантириш борасидаги ижобий ўзгаришлар ёритилган.
Етти бобдан иборат китобда хорижий давлатлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва йирик компаниялар вакилларининг ўлкамиздаги ислоҳотларга оид фикрлари жамланган. Жумладан, биринчи бобда 30 мамлакатнинг 36 нафар амалдаги ва собиқ раҳбари ҳамда тўртта халқаро ташкилотнинг олти нафар вакили билдирган муносабатлар ўрин олган.
Мақолада мамлакатнинг иқтисодий очиқлиги, Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларининг мустаҳкамланиши, спорт, экология ва хавфсизлик соҳаларидаги натижаларга берилган халқаро баҳолар ҳам китобда акс этгани таъкидланган.
Хусусан, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича Ўзбекистон ташаббуслари халқаро ташкилотлар вакиллари фикрлари орқали ёритилган.
Муаллиф ёзишича, мазкур китоб ўқувчиларга Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар, мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ва уларга халқаро ҳамжамият томонидан берилган баҳолар билан яқиндан танишиш имконини беради.
Д.ҲАКИМОВ, ЎзА