АҚШ иқлим бўйича Париж битимига қайтди
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Давлат департаменти сайти орқали шу ҳақда маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Жо Байден президентлик вазифасини бажаришга киришган кунданоқ, яъни 20 январда шу ҳақдаги ҳужжатни имзолаган эди.
Блинкеннинг айтишича, Вашингтон иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларни турли даражада бўлиб ўтадиган муҳим музокараларга олиб чиқади.
"Иқлим ўзгариши оқибатида пайдо бўладиган хавфга қарши курашиш ва олимларимиз билдирган фикрларга қулоқ солиш бизнинг ички ва ташқи сиёсатимиз марказида бўлади", — дея қўшимча қилди давлат котиби.
“Бу миллий хавфсизлик, миграция, халқаро соғлиқни сақлаш, шунингдек иқтисодий дипломатия ва савдо музокараларида ҳаётий муҳим масаладир”, деди у.
Иқлим бўйича Париж битими
Мазкур битим иқлим бўйича биринчи глобал миқёсдаги ҳужжат ҳисобланиб, у 2015 йил декабрда 190 та давлат томонидан имзоланган. Битим глобал исишни тўхтатиш бўйича халқаро ҳамжамиятнинг ҳаракатлар режасини белгилайди.
Битим қазиб олинадиган ёқилғилардан бутунлай воз кечишни назарда тутмайди, албатта. Аммо барча мамлакатлар ҳавога чиқараётган чиқиндилар миқдорини камайтириши, сўнгги технологияларни жорий қилиши ва иқлим ўзгаришларига мослашиши бўйича зарур чораларни кўриши лозим. Бундан ташқари, энергия экспортида қайта тикланадиган манбаалар улушини ошириши ҳам кўзда тутилган.
АҚШ Дональд Трамп президентлик қилган пайтда мазкур битимдан чиқиб кетган эди, аммо Жо Байден президентликнинг биринчи кунидаёқ мамлакатнинг Париж битимига қайтиши бўйича фармонни имзолади.