АҚШ Эрон ҳарбий объектларига ҳаводан зарба берди
Яқинда АҚШ Эрон ҳудудидаги ҳарбий нуқталарга ҳаводан зарба берди. Бунга жавобан Теҳрон ҳам Америка базаларига ракета отди. Вазият кескинлашса-да, икки давлат расман сулҳ бузилганини инкор этмоқда.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эрон ҳудудидаги бир неча ҳарбий нуқтага ҳаводан зарба берилганини эълон қилди. Расмий баёнотга кўра, Америка ҳарбий авиацияси томонидан Эроннинг Горук минтақаси ва Кешм оролида жойлашган радиолокация (радар) тизими ҳамда учувчисиз учиш қурилмалари (дронлар)ни бошқариш марказлари нишонга олинган. Оқ уй ушбу амалиётни “мудофаа хусусиятига эга жавоб чораси” сифатида баҳолади. Вашингтон тушунтиришича, бу ҳужум яқинда халқаро ҳаво ҳудудида Американинг MQ-1 русумли разведка дрони Эрон томонидан уриб туширилганига жавобан амалга оширилган. Оқибатда Ислом Республикаси ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш тизими, дронларни бошқариш штаби ва икки ҳарбий дрон бутунлай йўқ қилинган.
Аввалроқ “Bloomberg” агентлиги Қувайтдаги АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари жойлашган “Али Ал-Салим” авиация базасига ракета ҳужуми уюштирилгани ҳақида хабар тарқатган эди. Ўшанда ҳаводаёқ уриб туширилган ракета парчалари мажмуадаги икки қимматбаҳо “MQ-9 Reaper” дронига шикаст етказган. Сўнгги ҳафталарда бундай ўзаро зарбалар тез-тез такрорланмоқда. Қизиғи шундаки, кескинлик асносида расман амалдаги ўт очишни тўхтатиш режими бузилганини ҳеч бир томон тан олмай, дипломатик даражада “сулҳ кучида қолаётгани”ни даъво қилмоқда.
Ўз навбатида, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) ҳам жим қараб турмаганини билдирди. Теҳрон баёнотига кўра, мамлакат армияси Кешм оролига қилинган ҳужум учун АҚШнинг минтақадаги базаларидан бирига қарши жавоб ракеталарини учирган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА