АҚШ энди Гренландияга кўз тикмоқда
-
Британиянинг “The Times” газетаси АҚШ Гренландия устидан назоратни қўлга киритиши эҳтимоли билан боғлиқ тўрт сценарийни тахмин қилган.
Биринчи фараз “босқинчилик”ни назарда тутиши таҳлил қилинган умумий мақолада акс этди. “Бундай амалиёт муаммосиз амалга оширилиши мумкин, фақат аҳолининг салмоқли қисми норозилик билдирса, америкаликлар Гренландиянинг афзалликларидан тўлиқ фойдаланиши қийин кечади...” дея таъкидлайди муаллиф.
Иккинчи сценарий – мажбурлаш: Қўшма Штатларнинг Данияга босими келгуси ойларда кучаяди, айниқса данияликлар ва бошқа европаликлар Қўшма Штатларнинг НАТОга садоқатини сақлаб қолишга жуда муҳтожлиги инобатга олинса...
Шундан кейин эркин ассоциация тузиш, шунингдек оролни биргаликда бошқариш имконияти санаб ўтилади. Бунда “Дания кенгроқ ёки торроқ статус-квони сақлаб қолади”.
4 январь куни Оқ уй маъмурият раҳбари ўринбосари Стивен Миллернинг рафиқаси Кэти Миллер ижтимоий тармоққа АҚШ байроғи рангидаги Гренландия харитаси тасвирланган ва “тез орада” ёзуви туширилган суратни жойлаштирди. Бунга жавобан Даниянинг Вашингтондаги элчиси Йеспер Мёллер Сёренсен икки давлат яқин иттифоқчи эканини эслатиб, Копенгаген Қиролликнинг ҳудудий яхлитлигига тўлиқ ҳурмат кўрсатилишини кутаётганига урғу берди.
Гренландия Бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен ўша куни расмга изоҳ бериб, бу ҳурматсизлик эканини айтса-да, ваҳима қўзғашга ҳеч қандай сабаб йўқлигини билдирди.
Президент Дональд Трамп Гренландия Қўшма Штатларнинг бир бўлаги бўлиши кераклигини бир неча бор таъкидлаган. Ўз қарори йирик оролнинг миллий хавфсизлиги билан боғлиқлиги, қолаверса Хитой ва Россиядан ҳимояланишнинг стратегик аҳамиятини ҳам эслатган.
Гренландия собиқ Бош вазири Муте Эгеде орол ҳеч қачон сотилмаслигини айтган.
Куни кеча “Politico” шундай деб ёзди:
– Қўшма Штатлар ноябрь ойида бўлиб ўтадиган АҚШ оралиқ сайлови ва 4 июль куни нишонланадиган Америка мустақиллигининг 250 йиллиги олдидан Гренландия устидан тўлиқ назорат ўрнатиш имкониятидан фойдаланишга уриниши мумкин.
Шу билан бирга Трампнинг оролни бошқариш усули ҳарбий бўлмаслиги ҳам тахмин қилинмоқда.
Бу сценарий Марказий разведка бошқармаси ҳарбий ва фуқаролик назоратини кучайтиришга интилаётган бир пайт, маҳаллий сиёсатчиларни пора бериш йўли билан сотиб олишга уринишни англатади.
– Америкаликларда мақсадга эришиш учун турли воситалар бор, дейилган мақолада.
1953 йилгача Дания мустамлакаси бўлган Гренландия ҳамон Қироллик тасарруфида. 2009 йил оролга ўзини ўзи бошқариш ва ички сиёсатини мустақил равишда танлаш имконияти назарда тутилган мухторият ваколати берилган.
С.Раҳимов, ЎзА