АҚШ делегацияси Тошкент халқаро аэропортидa бўлди
АҚШнинг “St. Jude Children’s Research Hospital” болалар тадқиқот шифохонаси делегацияси вакиллари ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари Тошкент халқаро аэропортининг юк терминалида бўлди.
Аэропорт инфратузилмасининг тиббий юкларни, жумладан, махсус ташиш шароитлари ва ҳарорат назоратини талаб қилувчи доривор маҳсулотларни сақлаш ҳамда қайта ишлаш имкониятлари билан танишди.
Қайд этилишича, Тошкент аэропортининг йилига 120 минг тоннагача ўтказиш қувватига эга юк мажмуаси умумий майдони 8,5 минг квадрат метр бўлган омборхоналарга, шу жумладан, қатъий ҳарорат назоратини талаб қилувчи юклар, хусусан, доривор маҳсулотлар учун совитиш ва музлатиш камераларига эга.

Барча ихтисослаштирилган зоналар термодатчиклар билан жиҳозланган бўлиб, бу зарур сақлаш шароитларини таъминлаш имконини беради.
Фармацевтика юкларини қайта ишлашнинг ишончлилиги ва тезлиги муҳим аҳамиятга эга, чунки ташиш шартларига риоя қилиш доривор маҳсулотлар сифати ва инсонларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатишга бевосита таъсир қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА