AҚШ 29 мамлакатдан элчиларини чақириб олди
Қўшма Штатлар Давлат департаменти ўлканинг 29 мамлакатдаги элчиларига уларнинг ваколат муддати тугагани ҳақида хат юборди. Ушбу дипломатларнинг аксарияти Жо Байден президентлиги даврида тайинланган. Энди уларнинг ўрнини Трампга содиқроқ амалдорлар эгаллайди, деб ёзди “DW” нашри.
Таъкидланишича, Трамп маъмурияти Aфрика мамлакатларидан энг кўп дипломатларни чақириб олмоқда: Бурунди, Камерун, Кабо-Верде, Габон, Кот-д’Ивуар , Мадагаскар, Маврикий, Нигер, Нигерия, Руанда, Сенегал, Сомали ва Уганда. AҚШ дипломатик корпусидаги ўзгаришлар Осиё-Тинч океани минтақасига (Фижи, Лаос, Маршалл ороллари, Папуа-Янги Гвинея, Филиппин ва Вьетнам) ва Европага (Aрманистон, Шимолий Македония, Черногория ва Словакия) таъсир қилади. Шунингдек, Жазоир, Миср, Непал, Шри-Ланка, Гватемала ва Суринамдаги элчилар ҳам янгисига алмаштирилади.
AҚШ Давлат департаменти ҳолат бўйича изоҳ беришдан бош тортди ва бу ҳар қандай президент маъмурияти учун стандарт процедура эканлигини маълум қилди. Маълумки, Қўшма Штатлар элчиларининг хизмат муддати президент томонидан белгиланади ва уларнинг хориждаги фаолияти уч йилдан тўрт йилгача давом этади. Давлат департаменти шунингдек, чақириб олинаётган дипломатларга Вашингтонда бошқа лавозимларга тайинланишлар таклиф қилинишини билдирган.
Г.Сатторова, ЎзА