А.Қодиров: онкогемотология касалликларига ажратилаётган маблағлар вақтида етказиб берилмаяпти
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида 2026 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. Мазкур масала юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов батафсил маълумот берди.
Қайд этилганидек, келгуси йилда Давлат бюджети харажатлари 402,4 триллион сўм бўлиши кутилмоқда. Харажатларнинг 54,7 фоизи ёки 220 трлн. сўм ижтимоий соҳаларга ажратиш режалаштирилган. Жумладан, таълим соҳасига 100 трлн. сўм — бюджет харажатларининг 25 фоизи, соғлиқни сақлаш соҳасига эса 48,8 трлн. сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Муҳокамаларда бир қатор саволлар ўртага ташланди. Фракция раҳбари Алишер Қодиров онкология, гемотология, эндокринология каби оғир касалликларга ажратилаётган маблағлар вақтида етказиб берилмаётгани, оқибатда кўплаб касаллар сарсон бўлаётгани, қийин аҳволда қолаётганини таъкидлади:
— Онкологик касалликларга 175 миллиард сўм ажратилган эди. Аммо бу маблағлар касалларга етиб бормаяпти. Ҳозирда онкология шифохоналарида битта ўрин тўловининг ўзи 1 миллион сўмга ошди. Онкологик касаллар, айниқса, оғир 3-, 4-даражадаги касалларга ёрдам бериш ўрнига биргина ётган ўрни учун анчагина тўлов талаб қилинса, улар қаерга борсин?! Бу соҳа бизнесга айланиб кетдими? Ёки ҳеч бўлмаганда оғир даражадаги касалларнинг “койка” тўлови учун ижтимоий ёрдам кўринишида қўшимча маблағ бериш таклифини вазирлик берса, биз депутатлар ҳам бюджет лойиҳасига таклиф киритамиз. Бу каби касалларнинг мурожаатлари кўп бўляпти.
2026 йилда онкология йўналишига 250 млрд. сўм йўналтирилаётгани, болалар онкогемотология касалликлари учун эса 325 миллиард сўм (2025 йилда 135 млрд. ажратилган) кўзда тутилаётгани маълум қилинди.
Шунингдек, йиғилишда 2026 йилда “Ташаббусли бюджет”ни лойиҳалаштириш учун 6 трлн. сўм кўзда тутилаётгани айтиб ўтилди. Қўшимча равишда депутатларнинг таклифлари асосида молиялаштириладиган лойиҳалар учун 496 млрд. сўм кўзда тутилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Муҳокамаларда яна бир қатор саволлар кўтарилди. Қизғин муҳокамаларда бюджет лойиҳасини иккинчи ўқишгача такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА