Ақл ва маҳорат беллашуви
Юртимизда интеллектуал спорт турларини ривожлантириш, ёшларни мантиқий фикрлаш ва стратегик тафаккурга ундашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай муҳим тадбирлардан бири 2–3 май кунлари Бухоро вилоятида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида вилоят чемпионати юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур мусобақада вилоятнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 109 нафар иқтидорли шахматчилар иштирок этди. Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда ҳар бир иштирокчи ўз маҳорати, зеҳни ва тажрибасини намоён этишга ҳаракат қилди.

Чемпионат якунларига кўра, эркаклар гуруҳида Қоракўл туманидан Тўхтамурод Наврўзов 1-ўринни эгаллаб, ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Вобкент туманидан Жаҳонгир Дилмуродовга насиб этган бўлса, учинчи ўринни Когон туманидан Шербек Шавқиев эгаллади.

Аёллар ўртасидаги баҳслар ҳам юқори рақобат муҳитида кечди. Унда Бухоро шаҳридан Моҳжаҳон Раҳмонова биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, иккинчи ўрин Мария Мулинага, учинчи ўрин эса Қоракўл туманидан Эъзоза Ҳазратовага насиб қилди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб равишда тақдирланиб, уларга диплом ва медаллар топширилди. Бу эса иштирокчилар учун катта рағбат ва келгуси мусобақаларда янада юқори натижаларга интилишга туртки бўлди.

Мазкур чемпионат Бухоро вилоятида шахмат спортини оммалаштириш, ёшлар орасида интеллектуал салоҳиятни ривожлантириш ва янги истеъдодларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этди. Бундай мусобақалар келажакда юртимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган иқтидорли шахматчилар етишиб чиқишига мустаҳкам замин яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.