Ақчакўл бўйида замонавий туристик зона барпо этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 20 декабрдаги “Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ мамлакатимизда “Зарбдор тажрибаси” асосида иқтисодий ўсишни таъминлаш ва аҳоли бандлигини оширишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида ҳам мавжуд имконият ва захиралардан самарали фойдаланиш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга қаратилган қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Шулардан бири — Ақчакўл соҳилини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган мастер-режанинг биринчи босқичи доирасида замонавий туристик-рекреацион зона барпо этилди. Лойиҳани амалга ошириш, соҳил бўйини зарур инфратузилма билан таъминлаш ва ободонлаштириш ишлари учун республика бюджетидан 8,4 миллиард сўм ажратилди. Қурилиш ишлари “Бўстон обод махсус қурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан бажарилиб, объект фойдаланишга топширилди.
Лойиҳанинг кейинги босқичларида ҳудудда меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, ўтовлар, ресторанлар, савдо шохобчалари ҳамда турли кўнгилочар хизматларни ўз ичига олган 50 га яқин туризм ва соҳил бўйи хизмат кўрсатиш объектини ташкил этиш режалаштирилган.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, 75 та янги иш ўрни яратилади. Йилига 20,3 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиши, бюджетга қўшимча 1,1 миллиард сўм солиқ тушуми таъминланиши кутилмоқда. Шунингдек, масканга кунига 1–1,5 минг нафар, дам олиш кунлари эса 2 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюриши прогноз қилинмоқда.
Мазкур лойиҳа туманда туризм салоҳиятини юксалтириш, иқтисодий фаолликни ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА